Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой авиакомпанияси дунёдаги энг узун тўғридан тўғри рейсни йўлга қўяди
Шу йилнинг декабр ойида China Eastern Airlines Шанҳай ва Буэнос-Айрес ўртасида янги йўналишни йўлга қўяди, у дунёдаги энг узун тўғридан тўғри парвозга айланади.
Маршрут узунлиги 19 631 километрни ташкил этади, бир томонлама парвоз вақти 24 соатдан ортиқ: Шанҳайдан тахминан 25 соат-у 30 дақиқа ва ортга деярли 29 соат.
Парвозлар Boeing 777-300ER самолётларида амалга оширилади, техник тўхташ Оклендда бўлади. Йўловчилар транзит ҳудудни тарк этиши ёки рейсларни ўзгартириши шарт эмас. Чипталар нархи ҳайратланарли: эконом-классда 1718 доллардан ва бизнес-классда 6 435 доллардан бошланади. Парвоз ҳафтада икки марта амалга оширилади: Шанҳайдан душанба ва пайшанба кунлари, Буэнос-Айресдан сешанба ва жума кунлари.
Таққослаш учун, тўхтовсиз парвозлар бўйича жорий рекорд Сингапур-Ню-Йорк йўналиши бўйича Singapore Airlines компаниясига тегишли. Масофа 17 662 километрни ташкил этади, фақат бизнес ва премиум-эконом-классга эга махсус модификацияланган Airbus А350-900ULR самолётида парвоз вақти деярли 19 соатни ташкил қилади. Air China эконом-классдаги энг узоқ парвоз бўйича рекордга эга: Пекиндан Сан-Паулуга Мадридда тўхташ билан, 17 583 километр масофа.
China Eastern Airlines авиакомпаниясининг янги йўналиши нафақат давомийлик бўйича рекорд ўрнатади, балки Хитойнинг Жанубий Америка билан транспорт ва дипломатик ҳамкорлиги ортиб бораётганини ҳам таъкидлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай узоқ парвозга талаб мўътадил бўлиб қолиши мумкин, аммо йўналиш аллақачон минтақалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш стратегиясининг муҳим қисми сифатида кўрилмоқда.