Жаҳон | 15:20 / 22.09.2025
6424
2 дақиқада ўқилади

Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди

Қўшиб олинган Қримнинг Россия томонидан тайинланган «раҳбари» Сергей Аксёнов Украина Қуролли кучлари дронлари "Форос" санаторийсига ҳужум қилганини маълум қилди. ОАВ хабарларига кўра, у ерда «жуда муҳим меҳмонлар» бўлган. Яқин атрофда тўртта давлат дачалари жойлашган.

Фото: picture-alliance/Sputnik/A. Polegenko

Қўшиб олинган Қримнинг Россия томонидан тайинланган «раҳбари» Сергей Аксёнов 21 сентябр, якшанба куни кечқурун ярим оролнинг жанубий курорт соҳилидаги "Форос" санаторийсига Украина дронлари томонидан ҳужум уюштирилгани ҳақида маълум қилди. Аксёновнинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 15 га яқин киши жароҳатланган. Форос посёлкасидаги мактаб биноси ва санаторий ҳудудидаги бир қанча объектлар ҳам зарар кўрган, аммо расмий бу қайси бири эканини аниқламаган.

Россия Мудофаа вазирлиги бошқа маълумотларни тақдим этди: унга кўра, ҳужумда икки тинч фуқаро ҳалок бўлган, 15 киши турли даражада жароҳатланган. Вазирликнинг таъкидлашича, зарба портловчи жанговар каллакларни олиб юрган дронлар томонидан амалга оширилган.

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг 22 та самолёт типидаги учувчисиз учоғи Москва вақти билан соат 16:00 дан соат 20:00 гача Қора денгиз узра уриб туширилганини, яна учтаси Қрим ярим оролининг ўзида уриб туширилганини маълум қилганди.

Расмий равишда Киев бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид