Жаҳон | 11:59 / 24.09.2025
3074
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бутун Халқаро жиноий судни жазоламоқчи

Манбаларга кўра, яқин орада АҚШнинг ХЖСга қарши санкцияларини қўллаш бўйича қарор қабул қилиниши мумкин. Илгари Вашингтон алоҳида судя ва прокурорларга қарши санкциялар билан чекланиб келган.

Фото: Getty Images

АҚШ Ҳаагадаги бутун Халқаро жиноий суд (ХЖС)га қарши санкциялар қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда. 22 сентябр, душанба куни Reuters агентлигига олти манбанинг айтишича, яқин орада қарор қабул қилиниши кутилмоқда. «Индивидуал санкциялар воситаси тугаб бўлди. Энди кейинги қадам қўйиладими ёки йўқми, деган савол турибди», — деди юқори мартабали дипломатлардан бири.

Вашингтон аввалроқ ХЖСнинг айрим мансабдор шахсларига қарши санкциялар жорий этган, аммо бу янги чоралар кескин кучайишини англатади. АҚШ Давлат департаменти батафсил маълумот бермасдан қўшимча қадамлар тайёрлаш режаларини тасдиқлади.

АҚШ маъмурияти 2002 йилда ташкил этилган судни узоқ йиллар давомида танқид қилиб келади. АҚШ давлат котиби Марко Рубио ХЖСни «миллий хавфсизликка таҳдид» ва АҚШ ва унинг иттифоқчиси Исроилга қарши «ҳуқуқий уруш» воситаси деб атади.

ХЖС аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, собиқ мудофаа вазири Йоав Галант ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати етакчиларини Ғазо уруши пайтида содир этилган жиноятларда айблаб ҳибсга олишга ордер берган эди. Суд Фаластинни иштирокчи давлат деб ҳисоблайди ва шу асосда ўз юрисдикциясини Фаластин ҳудудларида содир этилган ҳаракатларга кенгайтиради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид