Жаҳон | 12:48
2264
5 дақиқада ўқилади

Учувчи Эрон тоғларида: «Трампни қутқариш» операцияси ҳақида

Америкалик учувчини Эрон тоғларидан қутқариш операцияси тилларда достон бўлди. Ахир бунақасини киноларда ҳам кўриш қийин. Америка F-15 пилотини қутқариш учун жуда катта куч ва пул сарфлади. Чунки у асир тушса, урушнинг «оёғи осмондан бўлиб кетарди». Бу амалда «Трампни қутқариш» амалиётига айланиб кетди.

Ўзгача уруш

Охирги йилларда дунёда жуда кўп урушлар авж олди. Аслида ҳамма урушлар асосида очкўзлик, худбинлик ва бошқалардан устунман деб ўйлаш туради. Лекин барибир урушларнинг фарқли жиҳатлари бўлади. Учувчини қутқариш амалиёти мисолида буни тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Айтайлик, Россия Украинанинг қирувчи самолётини уриб туширса-ю, украин учувчи руслар қўлида асир тушса, нима бўлади? Ёки Украина Россия самолётини уриб, катапулта бўлган рус учувчини асир олса-чи? Ишонинг, ҳеч нарса бўлмайди. Украина ва Россия кунда асирлар алмашинуви бўйича музокара ўтказади, кеча ҳам жасадлар алмашишди. Ҳар икки давлатда бир-бирининг минглаб асирлари бор, бир учувчини асир олган билан ҳеч нима ўзгармайди.

Энди айтайлик, Америка Эрон самолётини уриб, унинг учувчисини асир олса, нима бўлади? Яна ўша жавоб – ҳеч нима бўлмайди. Америка хоҳласа, исталган миқдордаги эронлик ҳарбийларни асир олиши мумкин, бунга имкони етади. Энди бояги саволни АҚШ мисолида такрорлайман: Эрон Америка самолётини уриб, парашютдан ўзини ташлаган америкалик учувчини асир олса, нима бўларди? Даҳшат бўларди. Америка ва Исроил Эронда бошлаган урушнинг «оёғи осмондан» бўлиб кетарди.

Тасаввур қилинг, эронликлар америкалик учувчини камера қаршисига олиб чиқиб, бутун дунёдан журналистларни чақириб матбуот анжумани ўтказмоқда. Бироз муболаға жазм қиладиган бўлсак, учувчи камера қаршисида ўзини таништириб, Америка ҳарбий ҳаво кучлари полковниги эканини айтган вақтда амалда Трампнинг президентлиги тугаган бўларди. Ҳеч қандай пропаганда бунақа шармандаликни оқлаб беролмасди. Тўғри, бироз бўрттириб гапирдим, лекин ишонинг, шундоғам амалдаги президентни танқид қилаётган фуқаро америкалик офицер Эронда асир тушишини кечирмасди.

Нима, бошқа давлатдагилар асир тушса, ҳеч нима қилмайди-ю, америкаликлар асир тушса, осмон узилиб ерга тушадими, ваҳима қилма, деётгандирсиз. Лекин гап асир тушган одамнинг паспортида эмас, гап жамиятда. Россияда ҳеч ким Путиндан ҳисоб сўрамайди, сўролмайди. Зеленскийдан ҳам халқи «Пане президенте, нега ҳарбийлар асир тушяпти?» деб сўрамайди. Уруш ахир, Россия босқин аввалида Киев биқинигача келганди.

Лекин Америка жамияти бутунлай бошқача. Трамп ҳар қанча ўзини подшоҳи оламдай тутмасин, халқи уни судда кўрсатма беришга ҳам мажбур қила олади. Америка давлати ва Америка жамияти айри тушунча. Америка давлати бутун дунё нима дейишига тупуриб, истаган давлатида уруш бошлаши мумкин, лекин демократияни ўзининг энг қимматли бойлиги деб биладиган Америка жамияти доим ноҳақликка эътироз билдириб келган. Охирги йиллардаги энг йирик намойишларда миллионлаб америкаликлар Трампни нималар деб чиқмади дейсиз.

Трамп Эронга ҳеч кимдан, ўша халқидан ҳам сўрамай, Исроил билан маслаҳат қилиб уруш бошлади, «Эрон ядро қуроли ясаётганди ва бу қурол шубҳасиз бизга отиларди», деб урушни оқлашга уринди, «47 йилдан бери «Америкага ўлим» деб бақирадиган тузумни йўқотамиз, бунга қачонгача чидаймиз?» деб ўз операцияси учинчи жаҳон урушининг олдини олганини иддао қилди.

Сэм амаки ва жиянлари бу болохонадор баёнотларга ошиб борса намойиш билан норозилик билдирди. Лекин биз юқорида айтган ҳодиса юз берса, эронлик учувчи қўли боғланган кўйи, маҳбуслар либосида камера қаршисига олиб келинганда Трамп намойиш билан қутулиб қолиши қийин бўларди. Буни жуда яхши билган Америка президенти биргина одамни қутқариш учун бутун Америка ҳарбийларини оёққа турғизди, миллионлаб доллар турадиган самолётларни портлатиб юборди.

Албатта, Америка ўз ҳарбийларини ташлаб қўймаслиги, бу давлатда инсон қадри жуда баланд эканига шубҳа йўқ. Лекин ўша операция билан Трамп аввало ўз сиёсий карерасини сақлаб қолди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид