Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШдаги Ливан ва Исроил элчилари телефон орқали гаплашди
Исроил ва Ливан вакилларининг тинчлик музокараларини бошлашга тайёргарлик бўйича учрашуви 14 апрел кунига белгиланган. Икки давлатнинг АҚШдаги элчилари биринчи тўғридан тўғри телефон мулоқотини ўтказди.
Фото: AP
Ливан ва Исроил вакиллари ўртасида АҚШ воситачилигида ўтадиган музокаралар арафасида тўғридан тўғри алоқа бўлиб ўтди. Ливан президенти матбуот хизмати 10 апрел, жума куни маълум қилишича, гап ўша куни эртароқ икки мамлакатнинг АҚШдаги элчилари ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбати ҳақида кетмоқда. Унда ҳозирда Вашингтонда бўлиб турган АҚШнинг Ливандаги элчиси ҳам иштирок этган.
Баёнотда айтилишича, мазкур суҳбат ўт очишни тўхтатишни таъминлаш ва музокараларни бошлашга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлган. Томонлар асосий музокаралар бошланиш санасини келишиб олиш режалаштирилган илк учрашувни 14 апрел, сешанба куни, АҚШ Давлат департаментида ўтказишга келишиб олган.
Бундан аввал Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан билан “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини қуролсизлантириш ва икки давлат ўртасида тинч муносабатлар ўрнатиш юзасидан тўғридан тўғри музокараларни “имкон қадар тезроқ” бошлашни топширган эди. Нетаняҳу сўзларига кўра, “Исроил Ливан бош вазирининг Байрутни демилитаризация қилиш ҳақидаги чақириғини юксак қадрлайди”.
8 апрел куни АҚШ президенти Доналд Трамп Нетаняҳу билан телефон суҳбатида ундан Ливанга зарбалар сонини қисқартиришни сўраган, бу эса Эрон билан музокаралар издан чиқмаслиги учун қилинган. DW хабарида айтилишича, Исроил ва АҚШ феврал ойи охиридан бери Эрон билан уруш олиб бормоқда, NBC маълумотига кўра эса, Исроил жавобан “ёрдамчи ҳамкор” бўлишга рози бўлган.
DW материалига кўра, АҚШ ва Исроил 28 февралдан бошлаб Эронга ҳаво ҳужумлари уюштирган, натижада Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ва куч тузилмалари вакиллари ҳалок бўлган. Теҳрон эса жавоб тариқасида Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар билан ҳужум қилган.
8 апрелга ўтар кечаси АҚШ ва Эрон икки ҳафталик ўт очишни тўхтатишга келишиб олган. Шу билан бирга, ҳар икки томон урушда ғалаба қозонганини маълум қилган.
Мавзуга оид
22:27 / 10.04.2026
Трамп Эрон билан музокаралар натижасини 24 соатдан кейин эълон қилади
22:21 / 10.04.2026
“АҚШ-Исроилга ишонмаймиз, қўлимиз тепкида” – Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси
09:30 / 10.04.2026
Трамп НАТОдан норозилигини билдириб, Гренландияни эслади
23:15 / 09.04.2026