Спорт | 20:16 / 25.09.2025
12714
11 дақиқада ўқилади

«Олтин тўп»: Дембеле ҳақли олдими?

Усмон ниҳоят шу мавсум етук футболчига айланади, Ямал эса ўз мукофот(лар)ини олишга ҳали улгуради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бу сафарги «Олтин тўп» топшириш маросими можароларсиз ва мукофотни кимдандир «ўғирлашгани» ҳақидаги жиддий эътирозларсиз кечди. Шу билан бирга, маросимдан олдин асосий даъвогарлар – Усмон Дембеле, Ламин Ямал, Рафиня, Муҳаммад Салоҳ ва Педрининг имкониятлари деярли тенг кўрилаётганди. Якунда овоз берувчилар «ПСЖ» ҳужумчисини ушбу мукофотга ҳақлироқ деб топишди. Лекин юқоридаги беш футболчидан исталган бири мукофотга эга чиқишига кўпчилик қарши бўлмасди.

Қуйида мукофот учун асосий фаворитлар ўтган мавсумни қандай ўтказишганини кўриб чиқамиз.

Усмон Дембеле

У мавсумнинг энг муваффақиятли жамоаси етакчиси. У Луис Энрике бошқарувидаги прессинг-машинасининг нафақат энг ёрқин ва сермаҳсул, балки тўпсиз ҳам жуда катта меҳнат қиладиган футболчиси бўлди.

Чемпионлар лигаси финалидан кейиноқ испаниялик мутахассис ўзига қолганда биринчи навбатда прессингдаги ҳаракатлари учун шу заҳоти Дембелега «Олтин тўп»ни берган бўлишини айтганди.

Мукофот эгасини аниқлашда инобатга олинадиган бошқа классик жиҳатлар бўйича ҳам Дембеле кўрсаткичлари яхши эди – у кучли бешлик лигалари футболчилари орасида ҳар 90 дақиқада ўртача 1,25 та гол+пас амалга оширган ва бу борада иккинчи кўрсаткичга эга. Биринчи ўринда 1,26 кўрсаткич билан – Ҳарри Кейн, аммо инглиз ҳужумчиси 13 голини пеналтидан урган, Усмонда эса 11 метрлик нуқтадан урилган биттагина гол бор.

Гапнинг индаллосини айтганда, «ПСЖ» ҳаммадан кўпроқ ғалабага эришди, Дембеле эса «ПСЖ»даги барча футболчилардан ёрқинроқ кўринди.

Мукофот учун курашда унга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган биргина омил бор эди: Дембеле фақат ўтган йил декабр ойи ўрталаридан кучли ўйнай бошлади. Яъни, бутун мавсум барқарор эмасди, фақат Луис Энрикенинг қатъий тарбиявий соатлари унинг ўзгаришига туртки бўлди. Унгача эса футболчи интизомсизлиги учун таркибдан чиқарилган ва ЕЧЛда «Арсенал»га қарши сафар ўйинига олиб кетилмаган, мураббий бундай «жазолаш» қарорини «бутун мавсумдаги энг яхши юриши» деб атаганди.

2025 йил бошидан эса барчаси идеал тарзда кеча бошлади – янги позиция, максимал даражадаги иштиёқ, илҳом билан ўйнаш. Ўша пайтдаёқ кўпчилик янгиланган Дембеле мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлишига шубҳа қилмаётганди.

Ламин Ямал

У янги авлоднинг энг яхши футболчиси эканига шубҳа йўқ. Испания миллий жамоаси устози Луис де ла Фуэнте уни «сеҳрли таёқча теккизилган футболчи» деб атаган. У фақат симуляторларда кўриш мумкин бўлган енгиллик билан футбол ўйнайди.

Мухлислар Ямалга айнан қийин ҳаракатларни бу қадар осонлик билан бажариши учун ҳам мафтун бўлишмоқда. Агар мукофотлар ғолибларини мухлислар аниқлашганида, Ламин бу йил барча совринларни ўзиники қилган бўларди.

Шу билан бирга, унда ҳам биринчи ўринда бўла олмаслик учун сабаблар бор эди: унинг статистикаси «Олтин тўп»га даъвогарлик қиладиган ҳужумчиникига ўхшамайди. У майдон бўйлаб ҳаракатлари билан ўйинга катта таъсир кўрсатади, аммо мукофотни топширишда гол ва пасларга ҳам қарамасликнинг иложи йўқ.

Унинг позициясида ўйновчи Адемола Лукман, Дезире Дуэ, Брэдли Барколя, Майкл Олисе, Рафиня, Муҳаммад Салоҳ, Усмон Дембеле каби футболчилар ҳар 90 дақиқага тўғри келадиган гол ёки паслар сони бўйича ундан анча яхшироқ кўрсаткичга эга. Ямалда эса бу ўртача 0,77 та голли ҳаракатга тенг. Таққослаш учун, ўтган мавсуми ўта муваффақиятсиз ўтган ва «Олтин тўп»га даъвогар 30 футболчи қаторига ҳам кира олмаган Винисиуснинг кўрсаткичи ҳам уники билан деярли тенг - 0,76). Албатта, у мукофотни қўлга киритиши учун рақамлари ҳам чиройли бўлиши керак эди.

Унинг кўрсаткичлари юқори эмаслиги сабабларидан бири у ҳаддан ташқари чиройли ўйнашга интилиши билан боғлиқ. Унинг кўп қарорлари ақлли қарор эмас. Аксар футболчилар биринчи навбатда риск ва фойдани баҳолашади – энг яхши қарорни қабул қилишга ҳаракат қилишади. Ямалга эса бу нарса бегона. У доимо гўзалликни танлайди: баъзида бу энг яхши қарор бўлиб чиқади, баъзида эса йўқ.

Қисқача айтганда, у ўз қоидалари бўйича ўйнайди, шу билан бирга, жамоага ҳам фойда келтиради. Лекин у ҳали етарлича етук ва самарали футболчи эмас. Яна бир нарсани эътиборга олиш керакки, Ямал ҳали 18 ёшда ва унда «Олтин тўп» олиш учун ҳали бир неча марта имконият бўлади.

Рафиня ва Ламин Ямал
Фото: EPA/TASS

Рафиня

Ўтган мавсумда энг кўп гол урган ва энг кўп голли пас берган икки энг яхши футболчидан бири Рафиня бўлди, у гол+пас бўйича 56 очко тўплаган, Муҳаммад Салоҳда 57 та. Шу билан бирга, мисрлик ҳужумчи 11 голини пеналтидан урган, Рафиняда – атиги 2 та. Жамоавий ўйинда ҳам бразилиялик вингерда ҳеч қандай муаммо йўқ. «Барса»нинг кўплаб голлари Рафанинг прессингдаги ҳаракатлари натижасида урилган.

Ҳолбуки 2024 йил ёзида Рафиняни клубдан кетишга ундашаётганди. Катта эҳтимол билан, Нико Уилямснинг трансфери ҳал бўлганида, у чиндан ҳам кетган бўларди. Якунда эса у нафақат жамоада қолди, балки ўзига бегона бўлган позицияда жамоага кераклигини исботлай олди.

Янгиланган Рафиня – энди асосан ўнг қанотда ўйновчи, асосий ишлатадиган оёғи чап бўлган дриблингчи вингер эмас, у энди олдинги чизиқда барча позицияларни ёпа оладиган етакчи футболчи. У яширин ҳужумчи сифатида тушиши ҳам мумкин, ўнлик позициясида ёки қанотларда ўйнаши мумкин. У нафақат позициясини, балки ўзини ҳам ўзгартирди. Ўтган мавсумда у фаолиятида энг кам финт ишлатган бўлиши мумкин, лекин унда энди бошқа, янги инструментлар пайдо бўлди – бунинг эвазига у янада фойдалироқ, янада самаралироқ ва янада интеллектуалроқ футболчига айланди.

У энг яхши деб топилиши учун эса икки омил халақит берди. Биринчиси – «Барселона» ички чемпионатда тенгсиз бўлса-да, Чемпионлар лигасини яримфиналда тарк этди. Иккинчиси – бир жамоадан номзодлар сони кўп бўлгани. Унга «Барса»нинг ўзида Педри ва Ямал ҳам рақобат қилди – улар ҳам чинакамига кучли мавсум ўтказишганди. Лекин у бешинчи ўриндан юқорироғига лойиқ эди.

Муҳаммад Салоҳ

Қизиқиш юқорилиги бўйича Чемпионлар лигасидан қолишмайдиган турнир ҳисобланган АПЛда Салоҳ нафақат ҳаммадан кўпроқ гол уриб, кўпроқ ассист муаллифи бўлди, балки тарихий кўламдаги рекордларни ҳам ўрнатди.

У гол+пас тизимида 47 очко тўплаб, Алан Ширернинг 1994/95 йиллар, Энди Коулнинг 1993/94 йиллар мавсумидаги натижаларини такрорлади, ҳолбуки бу футболчиларда бундай кўрсаткичга эришиш учун кўпроқ бўлган, ўша йилларда бир жамоа бир мавсумда 42 та ўйин ўтказган. 38 ўйинлик даврда эса ҳеч ким бу қадар юқори натижа қайд этолмаган. Салоҳгача энг яхши кўрсаткични 2002/03 йиллар мавсумида Тиерри Анри, 2022/23 йиллар мавсумида Эрлинг Ҳоланд қайд этганди – иккисида ҳам 44 тадан гол+пас.

«Ливерпул» айнан унинг саъй-ҳаракатлари эвазига «Сити»нинг чемпионлик сериясига барҳам берди ва «Арсенал»ни олдинга ўтказиб юбормади.

Лекин «Ливерпул» Чемпионлар лигасини жуда эрта тарк этди, Салоҳ эса ҳал қилувчи ўйинларда «ПСЖ» ҳимоячиси Нуну Мендеш томонидан тўлиқ зарарсизлантирилди. Қолаверса, мисрлик ҳужумчи баҳорда ички чемпионатда ҳам бўшашди ва учтагина гол урди. Кўпчиликнинг ёдида эса мавсум якунидаги муваффақиятсизлик ёдда қолди ва бу унинг мукофот учун имкониятларини пасайтириб юборди. Якунда эса тўртинчи ўрин.

Педри

Педри
Фото: Alex Caparros/Getty Images

Якуний рўйхатдаги ўрни энг нотўғри бўлган футболчи сифатида Педрини келтириш мумкин. Натижалар эълон қилинганида айнан унинг 11-поғонада жойлашгани кўплаб эътирозларга сабаб бўлди.

Ҳолбуки «Барса» ўйини сифатига Педри каби кучли таъсир кўрсата оладиган бошқа футболчи йўқ. У ёмон ўтказган ўйинни топиш қийин. Уни майдондаги мураббий деса ҳам бўлади. У нафақат ҳужумларни ривожлантирувчи муҳим пасларни беради, балки ноқулай ҳолатда турган ҳолда пасларни тўғри қабул қилиб, тўпни ўзига бўйсундиришда ҳам беназир.

One-versus-One статистик сайтида «бўшлиқни ҳис қилиш» параметри мавжуд - бу билан рақиблар қуршовида турган ҳолда пасларни қабул қилган футболчилар баҳоланади. Бундай узатмаларни қабул қилиш учун чизиқлар орасида тўғри очилиш талаб этилади. Ўтган мавсумда атиги икки футболчи 1000 дан ортиқ шундай пасни қабул қилган - Флориан Вирц ва Педри.

Ўтган мавсумда у дриблингини ҳам яхшилади. «Барса» футболчилари орасида муваффақиятли алдаб ўтишлар кўрсаткичи бўйича ҳам у энг яхши, 66,3 фоизлик кўрсаткичга эга – 86 уринишдан 57 тасида рақиб алдаб ўтилган.

Шунчаси етмаганидек, у ҳимояда ҳам кўп иш қилади. Ўтган мавсумда «Барселона»да тўпни рақибдан олиб қўйиш бўйича энг яхшилардан бири бўлган. Рақибнинг зарбалари ёки паслари йўлини тўсиш бўйича эса жамоада унга ҳеч ким тенг кела олмаган.

Қисқача айтганда, Педри таянч зонасидаги ролини қўшимча ўнлик функциялари билан бирлаштиради ва ҳар доим қаерда кўпроқ кераклигини идеал даражада ҳис қилади.

Умуман, Педри ўзига боғлиқ ҳамма ишни қилди, аммо «Олтин тўп» мезонларига тўғри келмади.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид