Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пул тизими. Олтин стандартига қайтиш нега имконсиз?
Жаҳондаги иқтисодий беқарорлик шароитида олтиннинг хавфсиз актив сифатидаги қадри ошяпти, марказий банклар ўз захираларини бу қимматбаҳо металл билан тўлдиряпти.
Тарихдан маълумки, пул олтин билан таъминланган даврларда инфляция ҳозиргидек катта муаммо бўлмаган, нарх-наво ўнлаб йиллар ўтса ҳамки ўша-ўшалигича тураверган.
Хўш, унда нега Марказий банклар инфляцияга қарши туриш учун олтин стандартига қайтиш ҳақида ўйлаб кўрмайди? Бунинг сабаблари жуда оддий.
1. Пул массасига чекловлар
Агар пул олтин билан боғлиқ бўлса, мамлакат ўз олтин захираси қийматига тенг миқдордагина пул чиқариши мумкин бўлади. Замонавий иқтисодиётларда эса инқироз пайтида (масалан, иқтисодий таназзул, уруш ёки пандемия чоғида) пул массасини самарали бошқариш учун мослашувчанлик керак бўлади. Олтин стандарти шароитида эса марказий банклар қўшимча олтин бўлмаса, янги пул чоп эта олмайди.
2. Иқтисодий ўсиш олтин таъминотидан тезроқ
Жаҳон савдоси ва ЯИМ олтин қазиб олиш ҳажмидан анча тез ўсади. Агар пул олтин билан қаттиқ боғлаб қўйилса, иқтисодий ўсишни таъминлаш учун етарли пул муомалада бўлмаслиги мумкин. Бу эса дефляцияга олиб келади: пулнинг қадри ошиб, нархлар тушади, харидлар камаяди, қарз юки оғирлашади.
3. Монетар сиёсат устидан назоратни йўқотиш
Марказий банклар инфляция, ишсизлик ва иқтисодий ўсишни бошқариш учун фоиз ставкалари ва квантитатив юмшатиш (пул чиқариш) каби воситалардан фойдаланади. Олтин стандарти бўлса, улар бу имкониятдан маҳрум бўлади. Чунки пул массаси олтин захиралари билан боғлиқ бўлиб қолади, иқтисодий эҳтиёжлар билан эмас.
4. Ташқи зарбалар қаршисида ожизлик
Агар одамлар бирор давлат иқтисодиётига бўлган ишончини йўқотса, ўз қоғоз пулларини олтин билан алмаштиришни талаб қилишлари мумкин. Бу олтин захираларини тугатиб, молиявий тизимни беқарорлаштиради.
5. Амалий муаммолар
Жуда катта миқдордаги олтинни сақлаш, қўриқлаш ва ташиш қимматга тушади. Халқаро савдода олтин ҳисоб-китоблари доимий равишда амалга оширилиши керак бўлади, бу жараёнларни секинлаштиради. Валюта курслари қатъий бўлиб қолади, бу эса айрим мамлакатларнинг рақобатбардошлигини пасайтиради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун ҳеч бир йирик иқтисодиёт олтин билан таъминланган эмас – валюталар фиат бўлиб, уларнинг қиймати металга эмас, балки ҳукумат ва иқтисодиётга бўлган ишончдан келиб чиқади. Ҳукуматлар олтин стандартидан қочади, чунки бу уларнинг қўлини боғлаб қўяди. Фиат пуллар эса уларга кўпроқ назорат, мослашувчанлик ва замонавий иқтисодий муаммоларни ечиш имконини беради.
Мавзуга оид
09:20
Чегарадан ноқонуний олиб ўтилган 1,1 млрд сўмлик олтин қўлга олинди
19:19 / 04.12.2025
Ўзбекистон октябрда олтиннинг энг йирик харидорларидан бири бўлди
07:28 / 02.12.2025
Дунёдаги бутун олтин захираси битта инфографикада
10:56 / 01.12.2025