Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бурчмуллада қўнғир айиқ нобуд бўлди
Дастлабки маълумотларга кўра, айиқ баландликдаги қоятошдан йиқилиб тушган. Унинг нобуд бўлиш сабаблари Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти экспертиза маркази хулосасига асосан аниқланади.
Ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқда айиқ ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Тошкент вилояти Экология бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолат Тошкент вилояти Экология бошқармаси Бўстонлиқ тумани бўлими ва Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган. Ўрганиш давомида давлат ўрмон хўжалигининг Қоронғи-тўқай бўлими Чўлоқмерган ҳудудида бир дона Тяншан қўнғир айиғи нобуд бўлгани аниқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, айиқ тахминан 70-80 метр баландликдаги қоятошдан йиқилиб тушган.
Айиқнинг нобуд бўлиш сабаблари Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти экспертиза маркази хулосасига асосан аниқланади. Унинг танаси хулоса натижалари чиққунга қадар Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг тегишли бўлимида вақтинча сақлаб турилади.
Экспертиза хулосаси натижаларига кўра ҳуқуқий баҳо берилиши билдирилган.