Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венгрия Украинанинг 12 та янгиликлар сайтини блоклади
Венгрия ҳукуматининг таъкидлашича, «Украинская правда», Hromadske ва яна 10 та Украина нашрининг блокланиши «Украина цензураси»га жавоб чорасидир.
Венгрия ҳукумати Украинанинг 12 та етакчи янгиликлар порталига мамлакат ичида киришни тўсиб қўйди. Бу чора-тадбирлар Будапештнинг «Украина цензурасига жавобидир», деди Венгрия бош вазири Виктор Орбан идораси раҳбари Гергей Гуйяш 29 сентябр, душанба куни Facebookʼда.
Венгриялик сиёсатчи Киевни Венгриянинг россияпараст интернет-ресурсларини, жумладан, машҳур origo.hu янгиликлар сайтини Европанинг Россияга қарши санкциялари, Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш ҳақидаги танқидий хабарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТОнинг гўёки «парчаланиши ва самарасизлиги» туфайли блоклаганликда айблади. Бундан ташқари, Гуйяшнинг сўзларига кўра, Венгрия веб-сайтлари Сорос жамғармасини танқид қилгани учун Украинада блокланган.
«Менимча, кўпчилик «Украинская правда»ни ўқимайди, ҳатто ўқишни ҳам хоҳламайди. Бироқ, суверен давлат мутлақо асоссиз ҳужумга мутаносиб жавоб бериши керак», — деб ёзди Гуйяш «ўзаро муносабатлар тамойили»ни келтириб
Блокланган веб-сайтлар орасида "ТСН - Новини Украiни", Hromadske, "Украинская правда", "Европейская правда", Oboz.ua, Nv.ua, Anons-zak.com.ua, Ungvar.uz.ua, Zakarpattya.net.ua, Lb.ua, Insiderinfo.com.ua ва Uaonline.com.ua бор.
Сентябр ойи ўрталарида Украина ҳукумати бир қанча хорижий веб-сайтларни, жумладан, Венгриянинг Origo ва Demokrata веб-сайтларини Россия ташвиқоти ҳақидаги позицияни мунтазам тарқатишда айблаб, тақиқлаган эди.