Жаҳон | 07:46 / 02.10.2025
19031
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҳарбий кемалари Ғазо секторига йўл олган флотилияни тўхтатди

Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб кетаётган «ёрдам флотилияси» Исроил ҳарбий-денгиз кучлари кемалари томонидан тўхтатилди. Грета Тунберг бортдаги фаоллар орасида эди.

Фото: Lluis Gene/AFP/Getty Images

Исроил ҳарбий-денгиз кучлари кемалари Ғазо секторига киришга уринаётган Фаластин тарафдорлари бўлган «ёрдам флотилияси»нинг бир нечта кемаларини тўхтатди. Исроил ташқи ишлар вазирлигининг 1 октябр, чоршанба куни кечқурун берган маълумотларига кўра, «бир нечта кемалар» зарар етказмасдан тўхтатилган.

Хабар қилинишича, йўловчилар Исроил портларига олиб кетилган. «Грета ва унинг дўстлари хавфсиз ва соғлом», — дейилади Исроил расмийлари баёнотида. Бу фаластинликларни қўллаб-қувватлаб, бир неча бор чиқиш қилган швед экология фаоли Грета Тунбергга ишора қилади.

Жорий йилнинг июн ва июл ойларида Исроил Ғазо секторига денгиз орқали ёрдам етказиш бўйича шу каби ташаббусларни тўхтатган: ҳарбийлар гуманитар ёрдам олиб кетаётган кемаларни тўхтатиб, экипажларни қўлга олган ва уларни чиқариб юборган. Июн ойида Грета Тунберг Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори қирғоқларидан тахминан 185 километр узоқликда тўхтаган флотилияда иштирок этди.

Ҳозирги флотилия август ойи охирида Барселонадан жўнаб кетди. Dpa ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у 40 дан ортиқ қайиқ ва елканли қайиқлардан иборат бўлиб, уларда жами бир неча юз киши, жумладан Грета Тунберг бўлган.

AFP хабарига кўра, флотилия ташкилотчилари Исроилнинг Ашдод порти орқали Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиш таклифини рад этган. Бундан ташқари, 1 октябр куни фаоллар Исроил анклав қирғоқларидан 280 километр узоқликда ўрнатган Ғазо секторининг денгиз блокадасига етиб бормасдан туриб, Италиянинг намойишни тўхтатиш ва тугатиш ҳақидаги чақириғини рад этди.

Исроил флотилияни тўхтатгандан сўнг, Рим ва Неаполда Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлар бўлиб ўтди. Намойишчилар Италия бош вазири Жоржа Мелонини флотилия фаоллари билан бирдамлик йўқлигида айблади, дея хабар беради dpa.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид