Спорт | 21:26 / 02.10.2025
10152
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон U23 терма жамоаси Осиё Кубогидаги рақибларини билиб олди

Ўзбекистонликларга C гуруҳида Ливан, Эрон ва Жанубий Корея рақиблик қилади.

Фото: UFA

2026 йил 7–25 январ кунлари Саудия Арабистонида ўтказиладиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги финал босқичига қуръа ташланди.

Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон U23 терма жамоаси C гуруҳидан жой олди. Унга Ливан, Эрон ва Жанубий Корея рақиблик қилади. Гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичига чиқади.

Барча гуруҳлар таркиби қуйидагича:

A гуруҳи: Саудия Арабистони, Ветнам, Иордания, Қирғизистон

B гуруҳи: Япония, Қатар, БАА, Сурия

C гуруҳи: Ўзбекистон, Ливан, Эрон, Жанубий Корея

D гуруҳи: Ироқ, Австралия, Таиланд, Хитой

Ушбу турнир 2024 йилги мусобақадан бир жиҳати билан фарқ қилади: унда олимпиада йўлланмаси ўйналмайди.

2024 йилда Қатарда ўтказилган U23 Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси финалгача етиб бориб, Японияга 0:1 ҳисобида ютқазган, шу билан бирга, Париж-2024 олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган эди.

2018 йилда Хитойда ўтказилган U23 Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси олтин медални қўлга киритган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид