Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳайвонлар қўзғолони: озодликдан қулликка олиб борган йўл
Бугун сиз билан “5 дақиқа”да жаҳон адабиётидаги энг машҳур, энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган асарлардан бири – Жорж Оруэлнинг “Молхона” романи ҳақида гаплашамиз.
“Молхона” 1945 йилда чоп этилган. Асар бир қарашда ҳайвонлар ҳақидаги оддий бир эртакка ўхшаб кетади. Лекин аслида у катта сиёсий рамзлар, жамият қонунлари ва инсон табиати ҳақидаги даҳшатли ҳақиқатларни очиб беради.
Асар воқеалари молхонада содир бўлади. У ерда одамлар ҳайвонларни эзиб, уларнинг меҳнатидан фойдаланиб яшаб келарди. Бир куни қари чўчқа ҳайвонларни йиғиб, ўлими олдидан нутқ сўзлайди. У: “Биз одамларга хизмат қилиб чарчадик. Аслида ўз меҳнатимиз билан яшашимиз мумкин. Одамларсиз ҳаёт адолатли ва фаровон бўлади”, деб уларни қўзғолонга чорлайди.
Шу орзудан руҳланиб, ҳайвонлар одамларга қарши қўзғолон кўтаришади ва молхонани эгаллайди. Энди улар ўзлари учун янги жамият қуриши керак эди. Ҳайвонлар “Барча ҳайвонлар тенг!” деган шиор остида бирлашади.
Аммо мустақилликка эришилгач, воқеалар орзу қилинганидек кечмади. Ҳокимият қўлга кирганидан сўнг чўчқалар, айниқса Наполеон исмли чўчқа ўз ҳокимиятини мустаҳкамлай бошлади. Бошланғич адолат ва тенглик ғоялари секин-аста йўқолди, янги зулм бошланди.
Ҳайвонлар ишонишни яхши кўрарди...
Оруэлнинг бу асари жамиятнинг энг оғир жараёнларини ҳайвонлар образи орқали кўрсатади. Айрим лавҳалар воқеан юракни титратади:
Ҳайвонларда хотира ва зеҳн йўқолиб боради. Бу фожиа. Кеча бахтлироқмиди ёки бугун? Шуни англолмайди. Улар фақат гапириб турганларни, амалда тепасига чиққанларнигина эшитар ва ишонар эди.
Озиқ-овқат тақсимотида фақат чўчқалар ва уларнинг қўриқчилари, яъни итлар яхшироқ яшарди. Қолганлар “мослашишга” мажбур бўлишарди.
Ҳамма ҳайвонлар меҳнати эвазига келган маблағ билан чўчқа болалари учун махсус мактаблар қурилади. Бу ҳокимиятнинг авлоддан-авлодга ўтиши учун тайёргарлик эди.
Ҳайвонлар ишонишни яхши кўрарди. Кўнишни яхши кўрарди. Бу фикрлаш, қарши чиқиш, ҳаққини талаб қилишдан анча осон эди.
Энг таниқли образ – Боксёр. Унинг умри меҳнат билан ўтди, қувватсиз қолганида эса нафақага чиқиш ўрнига қассобхонага жўнатилди.
Қўйлар эса тарғибот қуролига айланади. Чунки улар ўргатилган гапни айтар, табиатидан келиб ҳеч нарсага қарши бормасди. Уларнинг шовқини бошқа ҳайвонларнинг фикрлашига, мулоҳазани давом эттиришига йўл қўймасди. Қўйлар ҳамиша шу вазифани қойилмақом қилиб бажарарди.
Чўчқалар тарихни қайта ёзади. “Мухолифлар” ўйлаб топилди, йўқ қилинганларнинг номи ўчирилди. Ҳар бир маъруза “Биз аввалгидан яхши яшаяпмиз-ку”, деган сўзлар билан якунланарди.
Улар озод бўлмоқчи эди. “Молхона” номини “Ҳайвонобод” деб ўзгартиришганди. Илк идеология, орзу шундай эди. Тепага келган чўчқа идеологияни йиллар давомида ўзгартириб борди. Молхонанинг бош низомини ўзгартирди. Бора-бора икки оёқда юра бошлади. Барча ҳайвонлар чўчқа ва чўчқазодаларга хизмат қила бошлади. Гўё абадий шундай бўлиб келгандек.
Рамзлар ортидаги ҳақиқат
Асардаги образларнинг ҳар бири муайян ижтимоий қатлам ёки сиёсий кучни ифода этади.
Наполеон – диктатор раҳбар. У Иосиф Сталиннинг рамзи сифатида кўрилади. У чексиз ҳокимиятни йўқотмаслик учун ҳамма нарсадан воз кечади.
Сноубол – Лев Троцкийга қиёс қилинади. У илк ғояларни олиб кирган, лекин ҳокимият учун курашда енгилган.
Боксер – меҳнаткаш халқ. Ишончли, кучли, аммо ўз ҳақини талаб қилишга ожиз. Доимгидек.
Қўйлар – оммани кўр-кўрона эргаштирувчи тарғибот қуроли. Улар фикрламайди, сизни чалғитади холос.
Бенжамин эшак – ҳаёт ҳақиқатини англайдиган, лекин овоз чиқаришдан қўрқадиган зиёли қатлам.
Одамлар – ташқи кучлар. Улар билан чўчқалар охир-оқибат тил топишади ва аслида иттифоқ бўлиб яшашади. Мақсадлари, қозонлари битта.
Сукут – қулликка етаклайди
Хуллас, озодлик шиори билан бошланган ҳаракат охири яна эски тизимнинг ўзига айланади.
“Молхона” нафақат тарихий асар, балки бугунги кун учун ҳам катта сабоқдир. Оруэлга кўра, озодлик фақат шиор билан эмас, масъулият билан сақланади. Ҳар қандай жамиятда “тенглик” шиори остида янги зулм пайдо бўлиши мумкин. Ҳақиқатни сўзлайдиганлар сукунатга маҳкум этилса, қолганлар хотирасини йўқотса, озодлик ўрнига қуллик келади. Ҳар бир авлод ўз ҳаёти ва ҳақиқати учун жавобгар.
Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.
Исомиддин Пўлатов