Соғлом ҳаёт | 21:01 / 05.10.2025
2375
4 дақиқада ўқилади

Соғлом овқатланиш миянинг қаришини секинлаштириши маълум бўлди

Айниқса, туридан қатъи назар, барча резаворлар мия учун фойдали экани таъкидланмоқда.

Инсон истеъмол қиладиган маҳсулотлар унинг мияси саломатлигига, шу жумладан, унинг қандай қаришига бевосита таъсир қилади. Соғлом овқатланиш миянинг қаришини секинлаштиради ва ёшга қараб когнитив функцияларнинг тўмтоқлашиши хавфини камайтиради.

Тиббиёт фанлари доктори Келлианн Ниотис таъкидлаганидек, парҳез узоқ муддатли истиқболда когнитив функциялар ва ҳаёт сифатини сақлаб қолиш воситасига айланиши мумкин, деб ёзди Eatingwell.

Нима учун резаворлар неврологлар фикрига кўра мия учун энг яхши маҳсулот ҳисобланади? Уларнинг таъкидлашича, туридан қатъи назар, барча резаворлар мия учун фойдали.

Резаворларнинг ёрқин қизил, кўк ва бинафша ранглари уларнинг антиоксидант хусусиятларга эга бўлган ўсимлик пигментлари - флавоноидларга бой эканидан далолат беради. «Бу бирикмалар яллиғланишни камайтириш ва унинг ҳужайралари ўртасидаги ўзаро таъсирни яхшилаш орқали мия саломатлигини қўллаб-қувватлайди», деди Ниотис.

Айниқса, резаворлар таркибида антоцианлар - нейропротектор таъсирга эга флавоноидлар бўлгани учун тавсия этилади.

Резаворлар, шунингдек, кучли антиоксидант бўлган C витаминига бой, дейди тиббиёт фанлари доктори Элла Аккерман. C витамини мия саломатлигини қўллаб-қувватлайди, уни Алцгеймер касаллиги билан боғлиқ бета-амилоид оқсилларининг тўпланишига ҳисса қўшиши мумкин бўлган оксидловчи стрессдан ҳимоя қилади.

Таққослаш учун: 1 стакан қулупнайда 89 миллиграмм C витамини мавжуд - бу кунлик меъёрнинг деярли 100 фоизи. Малина ва маймунжон таркибида бироз камроқ, аммо сезиларли миқдорда - бир стакан учун кунлик меъёрнинг тахминан 39 фоизи ва 45 фоизини ташкил қилади.

Мия фаолиятини рағбатлантириш учун қорағатга (черника) эътибор беринг. «Мен ҳар куни ейишга ҳаракат қиладиган ягона маҳсулот - бу черника», деди тиббиёт фанлари доктори Жан-Рафаэл Шнайдер.

Унинг таркибидаги яллиғланишга қарши флавоноидлар миянинг соғлом қаришига ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади. «Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу бирикмалар хотирани яхшилаши ва вақт ўтиши билан когнитив функцияларнинг пасайишини секинлаштириши мумкин», деб тушунтирди у.

Қорағат ва бошқа резаворлар, айниқса, когнитив функциялари пасайиши хавфи юқори бўлган одамлар учун фойдали бўлиши мумкин. Когнитив қобилияти пасайган 50 ва 65 ёшли катталар иштирок этган бир тадқиқотда, 12 ҳафта давомида ҳар куни черника кукунини (тахминан ярим пиёла янги черникага тенг) истеъмол қилганлар хотира тестларида плацебо қабул қилганларга қараганда яхшироқ натижа кўрсатди.

Резаворларни истеъмол қилиш метаболик синдром ва юрак-қон томир касалликларининг асосий хавф омилларини, шу жумладан тана вазни, қон босими, холестерин, триглицеридлар ва инсулин даражасини яхшилаш билан боғлиқ. Ушбу метаболик омиллар мия саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ. Аслида, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, метаболик синдром фикрлаш ва хотира учун муҳим бўлган мия ҳажми ва кулранг модданинг камайиши, шунингдек, хотира, маълумотларни қайта ишлаш тезлиги, фикрлаш ва ижро этиш функциялари бўйича когнитив тестлар натижаларининг ёмонлашиши билан боғлиқ.

Вақтни орқага қайтарадиган сеҳрли таом мавжуд бўлмаса-да, мутахассислар резаворларга эътибор беришни маслаҳат қилмоқда. Улар оксидловчи стресс ва яллиғланишга қарши курашиш учун зарур бўлган антиоксидантларга бой. Бундан ташқари, резавор меваларни мунтазам истеъмол қилиш мияни қариш ва яллиғланишнинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиши исботланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид