Жаҳон | 08:07 / 06.10.2025
3082
3 дақиқада ўқилади

Миср 6 октябр куни Исроил ва ҲАМАС музокаралари ўтказилишини эълон қилди

Исроил ва ҲАМАС делегациялари ўртасидаги музокаралар 6 октябр куни Мисрда бўлиб ўтади. Қоҳирадаги Ташқи ишлар вазирлиги унда исроиллик гаровга олинганлар ва фаластинлик асирларни озод қилиш тафсилотлари муҳокама қилинишини билдирди.

Фото: Gehad Hamdy/dpa

Миср 6 октябр куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг тинчлик режаси доирасида Ғазо секторидаги исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик асирларга алмаштириш бўйича музокаралар ўтказиш учун Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ташкилоти вакилларини таклиф қилди. Кутилаётган музокаралар Трампнинг Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режасидан келиб чиққан «минтақавий ва халқаро суръатни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир», деб хабар қилди Қоҳирадаги Ташқи ишлар вазирлиги 4 октябр, шанба куни кечқурун.

Учрашув жойига аниқлик киритилмаган. Исроилнинг Ynet нашри ва бошқа бир қанча ОАВ хабарига кўра, у Шарм аш-Шайхда бўлиб ўтади. CNN Arabic эса Қоҳирани манзил сифатида кўрсатади. Шунингдек, у манбаларга таяниб, Исроил делегациясига стратегик режалаштириш вазири ва бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг ишончли вакили Рон Дермер бошчилик қилишини ҳам қайд этди.

Трамп, ўз навбатида, Ғазо секторидаги ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАС Оқ уй таклиф қилган режага розилигини тасдиқлаши биланоқ кучга киришини маълум қилди. Бинямин Нетаняҳу ҲАМАСни ва Ғазо секторини дипломатик ёки ҳарбий йўл билан қуролсизлантириш ниятини билдирди. «Бу осон ёки қийин йўл билан эришилади, лекин шундай бўлади», деб таъкидлади Исроил бош вазири.

Хамасчилар, агар «алмашинув учун зарур шартлар бажарилса», «президент Трамп томонидан таклиф қилинган алмашинув формуласига мувофиқ» омон қолган барча гаровга олинганлар ва ўлганларнинг жасадларини Исроилга топширишга рози бўлди. «Ҳаракат ушбу келишув тафсилотларини муҳокама қилиш учун воситачилар орқали зудлик билан музокараларни бошлашга тайёрлигини тасдиқлайди», — дейилади гуруҳ хабарида.

ҲАМАС, шунингдек, Ғазо сектори бошқарувини «Фаластин миллий консенсуси ҳамда араб ва ислом кўмаги асосида» мустақил органга ўтказишга рози бўлди. Бироқ, гуруҳ вакиллари қуролсизланиш режасини муҳокама қилмади. Қатардаги ҲАМАС етакчилари АҚШ президенти ташаббусининг айрим шартларини ўзгартиришни талаб қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид