Апрелдаги сулҳдан кейин Эрон ва Исроил ўртасида содир бўлган тўқнашув – АҚШнинг Эрон билан урушга чек қўйиш бўйича келишув ҳаракатларини барбод қилиши ҳам мумкин эди.
Reutersʼнинг ёзишича, ҳужумлар тўлқинидан кейин нефть нархи 5% гача кўтарилди. Бироқ Эрон ҳарбийлари Исроилга қарши биринчи зарбалар тўлқини якунланганини эълон қилгач, яна пасайди. АҚШ доллари эса сўнгги қарийб икки ойдаги энг юқори даражасидан пастга тушди.
Теҳрон якшанба куни кечқурун Байрут чеккасига – «Ҳизбуллоҳ»га берилган зарбаларга жавоб (қасос) тариқасида Исроил ҳудудига қарата ракеталар отганди. Шундан сўнг, Исроил Эроннинг ҳаво мудофаа тизимлари ва баллистик ракеталар ишлаб чиқаришда фойдаланилгани айтилаётган нефть-кимё заводига зарба берди.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бунга жавобан Исроилнинг Хайфа шаҳридаги шунга ўхшаш заводини нишонга олганини маълум қилди. Ҳар икки томон расмийлари ҳам қурбонлар ҳақида маълумот бермади.
Душанба куни Эрон ва Исроил АҚШ президенти Доналд Трампнинг чақириғидан сўнг бир-бирларига қарши ҳужумларни тўхтатганини маълум қилди.
Аммо, Исроил ҳарбий мулозими мамлакат операцияларни «қанча керак бўлса, шунча давом эттиришга» тайёрлигини билдирди.

Эрон расмийлари ҳам шунга ўхшаш қатъий оҳангда жавоб беришди. Тасним ахборот агентлиги иқтибос келтирган ҳарбий манбага кўра, Теҳрон узоқ муддатли можарога тайёр ва минтақадаги АҚШ манфаатларига қарши зарбаларни қайта тиклаши мумкин. Шу билан бирга, Теҳрон, агар Исроил Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»га зарба беришда давом этса, ҳарбий ҳаракатларни қайта тиклаши ҳақида огоҳлантирди.
Трамп уларни тўхтатишга интилмоқда
Душанба куни Трамп Исроил ҳам, Эрон ҳам зудлик билан ўт очишни тўхтатишни хоҳлаётганини айтди. «Агар жаҳолат ёки аҳмоқлик халақит бермаса, ‘Тинчликʼ бўйича якуний музокаралар давом этмоқда»












