Жаҳон | 12:25 / 06.10.2025
3558
2 дақиқада ўқилади

Словакия бош вазири Фицо Украина ҳақида: «Бу бизнинг урушимиз эмас»

Словакия ҳукуматининг мақсади Россия устидан ғалаба қозониш эмас, балки Украинадаги урушни тезда тугатиш, деди бош вазир Роберт Фицо. Унинг ҳисоб-китобига кўра, бу уруш «бошланганидан уч ой ўтиб тугаши мумкин эди».

Фото: Tetiana Dzhafarova/AFP/Getty Images

Словакия бош вазири Роберт Фицо Европа Иттифоқининг Россиянинг Украинага қарши уруши борасидаги сиёсатини яна бир бор танқид қилди. «Уруш ечим эмас. Агар Европа Иттифоқи Украинадаги урушга сарфлагани каби тинчликка ҳам кўп куч сарфлаганида, уруш аллақачон тугаши мумкин эди», деди у 5 октябр, якшанба куни Словакия телевидениесида.

Сиёсатчи Қизил армиянинг Карпат-Дукла операцияси 81 йиллигига бағишланган теледастурда чиқиш қилди. Ўша операция эса ҳозирги Словакияни вермахт қўшинларидан озод қилишга олиб келган.

Фицонинг сўзларига кўра, унинг ҳукумати ташқи сиёсатдаги мақсади Россия устидан ғалаба қозониш эмас, аксинча, «славянлар бир-бирини ўлдиришни бас қилиши учун» Украинадаги урушни тезроқ тугатишдир. «Уруш бошланганидан уч ой ўтиб тугаши мумкин эди», деди сиёсатчи ва «кимдир бу можародан Россияга қарши курашда фойдаланмоқчи бўлган», дея қўшимча қилди.

Фицо ҳеч қачон Словакиянинг «ҳар қандай ҳарбий авантюрага тортилишига» йўл қўймаслиги ва ҳеч қачон «уруш давридаги бош вазир» бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Украинадаги уруш «бизнинг урушимиз эмас», деди Словакия бош вазири.

«Европа Иттифоқи саммитларида улар Россияни қандай мағлуб этиш ҳақида гапиради. Бу одамлар уруш нимани англатишини тушунадими ёки йўқми, билмайман. Балки кимдир келиб, одамларга ақл бовар қилмайдиган азоб-уқубатларни айтиб бериши керак», — дея қўшимча қилди у Иккинчи жаҳон уруши воқеаларига ишора қилиб. Фицонинг сўзларига кўра, уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик керак.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид