Жаҳон | 09:45
616
2 дақиқада ўқилади

Украина ва Молдова ЕИ аъзолиги сари яна бир қадам ташлади

Европа Иттифоқи Украина ва Молдованинг ташкилотга қўшилиши жараёнида муҳим қадам ташлаб, аъзолик бўйича биринчи музокаралар кластерига расман старт берди. Бу қарор икки давлатнинг номзод мақомидан тўлақонли музокаралар босқичига ўтаётганини англатади.

Фото: REUTERS

15 июн куни Люксембургда бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Украина ва Молдованинг ЕИга қўшилиши бўйича биринчи музокаралар кластерини расман очди. Бу ҳақда айни пайтда Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Кипр Республикаси дипломатлари маълум қилди.

Кипрнинг Европа ишлари бўйича вазир ўринбосари Марилена Рауна ушбу воқеани тарихий қадам сифатида баҳолаб, Украина келажаги Европа Иттифоқи билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади.

Европа Иттифоқига аъзолик бўйича музокаралар олтита йирик тематик йўналиш — кластерларга бўлинган. Уларда қонунчилик, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, адлия тизими, рақобат сиёсати, ташқи муносабатлар ва бошқа соҳалар қамраб олинади.

Биринчи кластернинг очилиши номзод давлатлар учун тайёргарлик босқичидан амалий музокараларга ўтишни англатади. Энди Европа Иттифоқи Украина ва Молдова қонунчилигининг ЕИ стандартларига қанчалик мос келишини баҳолайди, шунингдек, турли соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларни муҳокама қилади.

Мутахассислар фикрича, мазкур қадам Украина ва Молдованинг Европа Иттифоқига интеграциялашуви жараёнидаги энг муҳим босқичлардан бири ҳисобланади. Бироқ тўлиқ аъзоликка эришиш учун ҳар икки давлат олдида ҳали кўплаб ҳуқуқий, иқтисодий ва институционал талабларни бажариш вазифаси турибди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид