Ўзбекистон | 19:00 / 07.10.2025
2833
6 дақиқада ўқилади
Реклама

Самарқанд майизи энди миллий бренд ҳисобланади

Самарқандда илк бор ўтказилган “Майиз сайли” фестивали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги босқични бошлади. Энди “Самарқанд майизи” нафақат маҳаллий маҳсулот, балки халқаро стандартга эга миллий бренд сифатида рўйхатдан ўтди.

Тадбир Самарқанд вилояти ҳокимлиги, “Халқ банки” ҳамда “Қўшработ – Агро Стар” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестивалнинг асосий мақсади – мамлакатимизнинг майизчилик соҳасидаги имкониятларини кенг тарғиб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва майиз етиштирувчилар, қайта ишловчилар ва экспортчилар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Айни пайтда Ўзбекистонда 181 минг гектар токзор мавжуд бўлиб, шундан 55 минг гектари Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келади. Вилоятдаги 44,5 минг гектар майдонда майизбоп узум навлари парваришланмоқда.

Қўшработ туманида эса 7 минг гектардан зиёд майдонда майизбоп узум етиштирилади.

Тадбирда фермерлар, деҳқонлар, хусусий сектор ва давлат идоралари вакиллари, халқаро мутахассислар қатнашди.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев вилоятда узумчиликни ривожлантириш, янги навларни яратиш ва илғор технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Бобоевга кўра, ҳудудларда узумчилик соҳаси изчил ривожланиб бормоқда. Ҳар бир туманнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос янги токзорлар барпо этилмоқда, замонавий - инвитро усулида кўчатлар яратиляпти. Қўшработда “Аватар”, “Гигант” (“Сирлибой”) каби навлар кенгайтирилмоқда. Ҳосилдорлик ва сифат даражасини ошириш учун узумзорлар шпалерга кўтарилмоқда, сувни тежаш мақсадида томчилатиб суғориш тизими жорий этилмоқда. Асосий мақсад – майизбоп узум етиштириш, уларни сифатли қуритиш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт орқали юқори даромадга эришиш. Бунинг учун илм, тажриба ва инновация муҳим аҳамият касб этади.

“Халқ банки” Инвестиция фаолияти ва давлат дастурларини мувофиқлаштириш департаменти директори ўринбосари Шерзод Сувонқуловнинг айтишича, 2025 йил 14 февралдаги “Uzagrostar xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори майизчилик соҳаси ривожини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур қарорда қўйилган вазифалардан келиб чиқиб хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси асосида майиз етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш занжирини ташкил этувчи мутлақо янги механизм жорий этиш ишлари бошланган. “Қўшработ – Агро Стар” МЧЖ орқали деҳқондан то экспортгача бўлган барча бўғинлар ягона тизим асосида ишлайди. Бу маҳсулот сифатини ошириш, барқарор бозорлар яратиш ва энг муҳими майиз етиштирувчи деҳқонларнинг даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.

Ушбу тизимни ташкил этишда “Қўшработ – Агро Стар” МЧЖни Халқ банки яқиндан қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, банк томонидан майизбоп узум етиштирувчи фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида томонидан қулай шартларда бир қатор кредит маҳсулотлари амалиётган тадбиқ етилган. Ҳозирда қамровдаги Қўшработ, Иштихон, Ургут туманларидаги қатор фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликлари, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга янги узумзорларни ташкил қилиш, қуритиш айвонлари қуриш, қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун кредитлар ажратиб келинмоқда. Халқ банки нафақат молиявий ёрдамчи, балки лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкор сифатида иштирок этмоқда”, - деди Шерзод Суванкулов.

Ушбу тадбир нафақат маҳаллий мутахассисларни, балки хорижий экспертларни ҳам бирлаштирди.

Туркиянинг Чукурова университети профессори, узумчилик бўйича 35 йиллик тажрибага эга мутахассис Серпил Танголарнинг таъкидлашича, Ўзбекистон, хусусан Самарқанд вилоятида майизбоп узум навларининг потенциали юқори.

Профессорнинг фикрича, маҳаллий иқлим ва географик шароит майиз етиштириш учун жуда қулай - бу жиҳатдан мамлакат Туркия ва Эрон каби етакчи майиз ишлаб чиқарувчи давлатлар билан тенг имкониятларга эга.

У Туркия тажрибаси асосида Ўзбекистон мутахассислари билан ҳамкорликда токзорларни барпо этиш, кўчат танлаш ва ҳосилни экспортга тайёрлаш борасида билим ва амалий кўникмалар алмашишга тайёрлигини билдирди.

“Natur Sert” компанияси директори Анил Садичга кўра, Ўзбекистонда майиз навлари ва маҳсулотлари жуда кўп ва сифатли, аммо ҳозирча халқаро сертификатлаш стандартлари тўлиқ жорий этилмаган.

Анил Садич бошқарувидаги “Natur Sert” компанияси айнан шу стандартларни жорий қилиш билан шуғулланади ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан ҳамкорлик қилади. Энди бундай тажриба Ўзбекистонда ҳам амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор тажрибаларни амалиётга жорий этишда маҳаллий корхоналарнинг ҳам аҳамияти катта.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов “Самарқанд майизи” географик кўрсаткичи ва “Қўшработ майизи” товар белгиси давлат рўйхатидан ўтказилганини маълум қилди. Бу - маҳаллий брендни халқаро бозорда танитиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Қўшработда ўтказилган илк “Майиз сайли” юртимизда меҳнат ва меҳр билан етиштирилган узумнинг ҳақиқий қийматини, боғбоннинг заҳматини акс эттирган байрам бўлди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш