Жамият | 09:20 / 07.10.2025
2535
2 дақиқада ўқилади

Шота Руставели кўчасида автобуслар ҳаракати бошланади

7 октябрдан бошлаб Тошкентнинг Шота Руставели кўчасида реконструкция қилинган марказий автобус йўлаги фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги

Мазкур йўналишда учта автобус йўналиши: 38, 57 ва 58-рақамли автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Жамоат транспорти алоҳида ажратилган бўлакда устуворликка эга. Бекатлар марказда жойлашган.

Автобус йўловчилари ва автомобил ҳайдовчилари учун ҳаракатланиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йўловчилар учун:

  • автобуслар энди марказий, ажратилган йўлак бўйлаб ҳаракатланади;
  • йўловчилар йўлнинг марказий қисмидаги махсус платформалар орқали чиқиб, тушади;
  • платформаларга фақат белгиланган пиёдалар ўтиш жойлари орқали чиқилади. Белгиланмаган жойлардан ўтиш қатъиян ман этилади;
  • автобусни фақат олд томонидан айланиб ўтиш мумкин;
  • платформада йўловчилар сариқ хавфсизлик чизиғи орқасида туриши ва автобус тўхтагачгина эшикка яқинлашиши керак.

Ҳайдовчилар учун:

  • Шота Руставели кўчасидаги ўрта йўлак фақат автобуслар ҳаракати учун мўлжалланган;
  • ушбу йўлакда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, тўхташи ёки йўлни кесиб ўтиши қатъиян ман этилади;
  • автобуслар марказий йўлакда устуворликка эга. Рухсат этилган жойларда автобусларга йўл бериш керак;
  • кўча бўйлаб ҳар икки йўналишда чапга бурилиш ва ортга қайрилиб олиш тақиқланади. Бурилишга фақат белгиланган чорраҳаларда рухсат берилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид