Аёллар дунёси | 16:28 / 08.10.2025
2937
4 дақиқада ўқилади

Муҳаббат бобида нега аёллар кўпроқ жонбозлик кўрсатади?

Муносабатларда кўпинча аёллар кўпроқ эмоциялар ҳис қилади, кўпроқ сиқилади, кўпроқ кечиради. Нега? Бу табиатми, тарбиями ёки жамиятнинг кўзга кўринмас қоидаларими? Психологлар бу саволга жавоб излашар экан, барчамизнинг ички болалигимизга қайтишни таклиф қилади.

Фото: iStock

Болаликданоқ қиз болага “севимли бўл”, “хўп бўлади де”, “меҳрибон бўл” деган сўзлар кўп айтилган. Ўғил болага эса “мағрур бўл”, “ҳисларингни кўрсатма”, “эркак киши йиғламайди” дейишган. Шу тарзда жамият илк қадамдaноқ икки хил ролни белгилаб қўяди. Натижада қизлар катта бўлганида муҳаббатни ҳис қилишга эмас, унинг учун меҳнат қилишга ўрганиб қолади.

Психолог Дилноза Юсуповага кўра, бу ҳолат “эмоционал меҳнат” деб аталади:

“Муносабатда аёл кўпроқ эмоционал масъулиятни олади — у ярашишга қадам ташлаётган, кўнгил кўтараётган, муҳитни юмшатишга уринаётган бўлади. Бундай аёллар муносабатда шеригининг муҳаббатидан кўра, ‘мен яхши аёлманми?’ деган саволга жавоб излашади. Бу эса уларни кўпинча руҳий чарчаш ва эҳтиёжларини унутиш ҳолатига олиб келади. Эркак эса кўпинча муносабатнинг оқимини қабул қилади. Бу биологик эмас, ижтимоий ролнинг натижаси.

Аёллар муҳаббатни туйғу эмас, масъулият сифатида қабул қилишади. Шу боис, у муносабатда “ҳам она, ҳам дўст, ҳам маслаҳатчи” бўлиб кетади. Эркаклар эса кўпинча “эмоционал меҳнат”ни аёл зиммасига юклаб қўйишади — улар шундай қилиш кераклигини билишмаса ҳам керак балки.

Аммо замонавий муносабатлар янги йўналишда. Янги авлод аёллари муҳаббатда ҳам ҳиссий тенгликни излаяпти. Улар учун муҳаббат — фақат бериш эмас, балки ўзаро эҳтиром ва тенг ҳиссиёт алмашинувидир. Муҳаббат — бу қурбонлик эмас. Агар бу муносабатлар сени ўзингни йўқотишга мажбурлаётган бўлса, билгинки бу муҳаббат эмас.

Шунинг учун муҳаббатдаги жонбозлик фақат бир томонлама бўлмаслиги керак. Аёл севганда ўзини йўқотмасин, эркак севганда ҳиссиётини яширмасин.

Шундагина муҳаббат нафақат юрак, балки инсоннинг қадрини ҳам сақлаб қолади”, дейди психолог.

Муҳаббат ниқоби остидаги боғлиқлик

Тадқиқотлар кўрсатишича, севги муносабатларида ўзини тўлиқ шеригига бағишлайдиган аёллар дастлаб ўзини бахтли ҳис қилади. Аммо вақт ўтиши билан эмоционал чарчоқ, қийматсизлик ҳисси пайдо бўлади. Муносабатда шахсий чегараларни йўқотган аёллар ўз қадрини паст баҳолай бошлайди ва бу кейинчалик руҳий боғлиқликка айланади.

Муҳаббат муносабатларида “эмоционал автономия” — яъни мустақил ҳиссий фикр ва қарор қабул қилиш қобилияти — муносабатнинг барқарорлиги учун асосий омил эканлиги таъкидланган.

Психолог тавсиялари:

  1. Муносабатда “мен” деган ҳудуд бўлсин. Севганингизнинг эҳтиёжларини инобатга олиш муҳим, аммо ўзингизни унутиш эмас. Ҳиссий тенглик шу ерда бошланади.
  2. “Йўқ” дейишни ўрганинг. Бу муносабатни бузмайди, балки уни соғлом чегарада сақлайди.
  3. Ҳиссиётингизни яширманг. Аёл учун ҳам хафа бўлиш, хафаликни билдириш табиий. Ҳар доим кучли бўлиш шарт эмас.
  4. “Бошқалар нима деркан?” деган фикрни унутинг. Жамиятнинг қолиплари кўп ҳолда ҳақиқатга зид. Муносабатни бошқалар учун эмас, икки киши учун қуринг.
  5. Меҳр ва эҳтиром — муносабатингизда албатта бўлиши керак. Севги фақат ҳиссиёт эмас, у икки тарафнинг меҳнатидир.

Муносабатда тенглик — бу кураш эмас, мувофиқлик. Аёл муҳаббатда ҳам ўз қадрини сақлай олса, у нафақат севилади, балки ҳурмат ҳам қилинади. Бу оилавий муносабатларнинг бардавомлиги ва соғлом бўлишига хизмат қилади.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид