Иқтисодиёт | 13:16 / 08.10.2025
1966
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон РФ орқали Германияга нефт етказиб беришни 30 фоизга оширади

2026 йилда Қозоғистоннинг Германияга нефт экспорти ойига 130 минг тоннагача ошади. «КазМунайГаз» ва Rosneft Deutschland тегишли келишувни имзолади. Етказиб бериш «Дружба» қувуридан Россия орқали амалга оширилмоқда.

Фото: КазМунайГаз

Қозоғистоннинг "КазМунайГаз" (КМГ) ва Германиянинг Rosneft Deutschland GmbH компаниялари Германияга нефт етказиб бериш бўйича амалдаги шартномани 2026 йил охиригача узайтиришга келишиб олди. Янгиланган шартларга кўра, ойлик етказиб бериш ҳажми 100 минг тоннадан 130 минг тоннагача кўтарилади.

Келишувга кўра, нефт Россия билан чегарадош Ғарбий Қозоғистон вилоятида нефть ишлаб чиқарувчи "Карачаганак Петролиум Оперейтинг Б.В."дан олинади. КМГ 2024 йилдан бери Германияга етказиб бериладиган нефтнинг бир қисми Каспий денгизидаги Қашағон конидан, 2025 йилдан эса Каспий денгизидаги Тенгиз конидан келишини қўшимча қилди.

Шартномани узайтириш ва етказиб бериш ҳажмини ошириш тўғрисидаги қарор «КазМунайГаз» ва Rosneft Deutschland компаниялари раҳбарлари Асхат Хассенов ва Йоханнес Бремер ўртасидаги музокаралардан сўнг қабул қилинди. Томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади.

Қозоғистон нефтини Германиянинг Шведтидаги нефтни қайта ишлаш заводига етказиб бериш 2023 йилда бошланган. У «Дружба» қувури орқали Россия, Беларус ва Полша орқали ташилади. 2025 йилнинг биринчи тўққиз ойида Қозоғистондан Шведт нефтни қайта ишлаш заводига етказиб бериш ҳажми тахминан 1,5 миллион тоннани ташкил этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид