Жаҳон | 21:17 / 10.10.2025
5413
2 дақиқада ўқилади

Ўт очиш тўхтатилганидан сўнг минглаб фаластинликлар уйларига қайта бошлади

Одамларни вайрон бўлган турар-жой мавзелари, бузилган йўллар ва ишдан чиққан муҳим инфратузилма кутиб турибди.

Фото: Reuters

Тинчлик эълон қилинганидан сўнг, минглаб фаластинликлар вайронагарчиликларни баҳолаш ва уйларини тиклашга ҳаракат қилиш учун Ғазонинг шимолий қисмига қайта бошлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Қайд қилинишича, вайронагарчиликлар кўлами улканлигича қолмоқда - турар-жой мавзелари, йўллар ва муҳим инфратузилма вайрон бўлган.

Нашрнинг таъкидлашича, келишувга эришилганига қарамай, асосий масалалар ҳал этилмаган: ҲАМАСни қуролсизлантириш, Ғазодаги келажакдаги бошқарув тизими ва халқаро хавфсизлик кафолатлари.

Вазият нозиклигича қолмоқда, деб ёзди нашр, бироқ халқаро воситачилар сулҳ минтақани узоқ муддатли тартибга солиш ва гуманитар тиклаш йўлидаги биринчи қадам бўлишига умид қилмоқда.

9 октябр куни АҚШ, Миср ва Қатар воситачилигидаги бир неча ҳафталик музокаралардан сўнг, томонлар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Сулҳ аллақачон кучга кирди.

Эришилган келишувларга кўра, Исроил қўшинлари сектор ҳудудининг ярмидан кўпини назорат қилган ҳолда Ғазо шаҳарларини тарк этади. Бунга жавобан ҲАМАС ҳаракати 72 соат ичида тирик қолгани тахмин қилинаётган 20 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилиши керак.

Бунинг эвазига Исроил узоқ муддатга қамалган 250 нафарга яқин фаластинликни, шунингдек, можаро пайтида ҳибсга олинган 1700 нафарга яқин бошқа маҳбусларни озод қилиши лозим.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид