Жаҳон | 22:08 / 10.10.2025
13582
10 дақиқада ўқилади

Россия яна Украинани ёппасига ўққа тутди

Россия ракеталар ва дронлар билан энергетика тизимлари ҳамда турар жойларга зарба берган. Ҳарорат пасайган бир вақтда юз минглаб кишилар электр таъминотисиз қолган.

РФ қуролли кучлари 10 октябрга ўтар кечаси турли турдаги зарбдор дронлар ва ракеталардан фойдаланган ҳолда Украина ҳудудларига ҳужум уюштирди.

Киев, 2025 йил 10 октябр
Oleksandr Gusev / Global Images Ukraine / Getty Images

Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия 465 та дрон ва 32 та ракета, жумладан, Х-47М2 «Кинжал» русумли иккита гипертовушли аэробаллистик ракеталарини қўллаган. Украина қуролли кучлари 405 та дрон ва 15 та ракета, жумладан, битта «Кинжал» ракетасини уриб туширишга ёки зарарсизлантиришга муваффақ бўлганини маълум қилган. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари Россиянинг тўртта ракетаси белгиланган нишонга ета олмаганини билдирган.

Украина ҳукумати 19 та жойда 13 та ракета ва 60 та зарбдор дроннинг тўғридан тўғри урилишини қайд этди. Бундан ташқари, еттита жойга дронлар парчалари қулаган.

Киев ва Украинанинг 10 га яқин ҳудуди зарбага учраган. Ҳужумларнинг асосий мақсади энергетика инфратузилмаси бўлган. Киев ва кўплаб областларда электр таъминотида узилишлар кузатилди. Нашр маълумотларига кўра, зарба оқибатида Запорижжяда етти ёшли бола ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Ёпирилма зарба оқибатлари

Киев. Печорск районида Россия дрони парчалари Леси Украинка булваридаги 17 қаватли кўп қаватли турар жой биносига келиб тушган. Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, бир неча қаватдаги хонадонларни ёнғин қамраб олган, қутқарувчилар ёнғинни бартараф этган.

Кличконинг сўзларига кўра, РФ қуролли кучлари шаҳарнинг муҳим инфратузилмасига ҳужум уюштирган. Шу сабабли Киевда электр таъминотида узилишлар юзага келган, Днипро дарёсининг чап соҳили электрсиз қолган, сув таъминотида муаммолар пайдо бўлган. Ўнг соҳилда Голосеевский, Соломенский ва Печерский районларида электр ва сув қисман йўқолди, деб хабар берди шаҳар ҳарбий маъмурияти.

Соат 10:15 га келиб, 5800 дан ортиқ турар жой бинолари чироқсиз қолди. Электр энергияси йўқлиги сабабли троллейбус ва трамвай йўналишларининг бир қисми ишламади, йўналишларга қўшимча автобуслар чиқарилди. Шаҳарда метро фаолияти чекланди. Куннинг иккинчи ярмига келиб энергетиклар Киевдаги 270 минг абонентга электр энергиясини қайтарди.

Киевнинг Днипро дарёси чап соҳилидаги Русановка районида свет ўчиши
Ukrinform / NurPhoto / Getty Images

Киевнинг Голосеевский районида ҳужум оқибатида ўн қаватли уйнинг бешинчи қаватидаги фасад ва ойналар шикастланган, ҳовлидаги автомобиллар ёниб кетган. Деснянский районида уриб туширилган ракета бўлаклари поликлиника яқинидаги ҳудудга қулаган.

Кличконинг айтишича, Киевда Россия қуролли кучлари ҳужуми оқибатида 12 киши жароҳатланган, улардан саккиз нафари касалхонага ётқизилган. Жабрланганларнинг аксарияти - 11 киши Леси Украинка хиёбонидаги уйга парчалар тушиши оқибатида жароҳатланган.

Киевдаги турар жой биноси Россия зарбасидан кейин, 2025 йил 10 октябр
Sergey Dolzhenko / EPA / Scanpix / LETA
Киевда ёнаётган уйдан эвакуация қилинган аҳоли вакили
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Киевда иссиқлик электр станциясидаги ёнғин
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

Киев области. Энергетика инфратузилмаси зарба остида қолди. Расмийларга кўра, регионда 110 минг истеъмолчи, асосан, Бровари ва Бориспол районларидаги аҳоли электр таъминотисиз қолган. Энергетиклар муҳим ва ижтимоий инфратузилма объектларини генераторларга ўтказган. Мактабларда исиниб олиш учун пунктлар ташкил этилган. Броварида учта кўп қаватли уй, тўртта озиқ-овқат дўкони, автомобиллар шикастланган. Аҳоли орасида жароҳат олганлар йўқ.

Бровари, Киев области
Alina Smutko / Reuters / Scanpix / LETA

Черкасс области. Регионда муҳим инфратузилма объектлари хавф остида қолди. Област маъмурияти раҳбари Игор Табурецнинг маълум қилишича, ГЭС тўғони бўйлаб ҳаракат тўхтатилган. Энергетика ускуналари шикастланиши туфайли эрталаб соат 8:45 дан бошлаб Черкасс областининг турли ҳудудларида электр энергияси фавқулодда ўчирилмоқда.

Расмийларга кўра, маҳаллий ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг саккизта дронини, шунингдек, қанотли ракетасини зарарсизлантирган. Уриб туширилган ракета бўлаклари Канев шаҳридаги кўп қаватли уйга зарар етказган.

Ҳужум оқибатида 10 киши, жумладан, 10 ёшли бола жароҳатланган. Еттита кўп қаватли ва битта хусусий уй шикастланган.

Запорижжя области. Россия қуролли кучлари Запорижжя шаҳрига ҳужум қилди. Расмийларга кўра, 12 та кўп қаватли ва саккизта хусусий уйга зарар етган. Газ инфратузилмаси объектлари зарбага учраган, шу сабабли маҳаллий аҳолининг уйларига газ етказиб бериш вақтинча чекланган. Огоҳлантириш чораси сифатида ДнипроГЭС тўғони орқали ўтиш бир неча соатга тўсиб қўйилди.

Ҳужум оқибатида етти ёшли бола ҳалок бўлган. Етти киши, жумладан, ҳалок бўлган боланинг ота-онаси яраланган. Маҳалли ОАВ маълумотларига кўра, боланинг отаси яқинда уч йиллик асирликдан кейин Россиядан қайтиб келганди.

Днипропетровск области. Днипрода, Каменскда, Кривий Риҳ ҳудудида портлашлар содир бўлди. Энергетика инфратузилмаси зарба остида қолди. Турли объектларда, жумладан, турар жой биноларида ёнғинлар содир бўлган. Кривий Риҳда корхоналардан бирига ҳужум қилинган. Беш киши жароҳатланган, уларнинг аксарияти ўртача оғир аҳволда.

Кировоград области. Россия ҳужуми натижасида Светловодскдаги «Днипро-Кировоград» сув насос станцияси ўчирилди. Областда электр энергиясида авариявий ўчиришлар юзага келди. Расмийлар аҳолини электр ва сувни тежашга чақирган. Жароҳатланганлар йўқ.

Полтава области. Парчалар қулаши ва тўғридан тўғри зарбалар натижасида Кременчуг районидаги энергетика инфратузилмаси объекти шикастланган. 17 мингдан ортиқ истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. Хусусий уйлар шикастланган. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Черниҳив области. Зарбдор дрон Нежинск районидаги энергетика объектига ҳужум қилди, регионда электр энергияси фавқулодда ўчирилмоқда. Яна бир номи айтилмаган инфратузилма объекти шикастланган.

Суми области. Ҳудудда Россия қуролли кучларининг энергетика объектларига ҳужуми туфайли фавқулодда ўчириш жадваллари жорий этилди. Шаҳарда иссиқ сув ва газ таъминоти қисман ўчирилди.

Бундан ташқари, Украина расмийларига кўра, Харкив, Донецк ва Одесса областларида ҳам электр энергияси ўчирилган.

Словянск, Донецк области
Jose Colon / Anadolu / Getty Images

Ҳужумга реакция

Украина президенти Володимир Зеленский Россия «нормал ҳаётни таъминлайдиган ҳамма нарсага қарши» ракета ва дронларни қўллаб, «сурбетларча ва ўйланган ҳужум»ни амалга оширгани ҳақида айтди.

«Айнан фуқаролик, энергетика инфратузилмаси – иситиш мавсуми олдидан Россия зарбаларининг асосий нишони. Биргаликда биз одамларни бу террордан ҳимоя қила оламиз. Қуруқ гаплар эмас, қатъий ҳаракатлар керак – ҳаво ҳужумидан мудофаа таъминотини амалга оширишда, санкцияларда. «Йигирматалик» гуруҳининг, нутқларида тинчлик ҳақида гапирадиган, аммо ҳақиқий қадамлардан ўзини тиядиганларнинг бу шафқатсизликка муносабатини кутамиз. Дунё бу жиноятлардан ҳимояланиши мумкин ва бу, албатта, глобал хавфсизликка қўшимча бўлади. Ёрдам бераётган барчага раҳмат».

Ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин 10 октябр куни – «2022 йилда Украина энергетика инфратузилмасига биринчи оммавий ҳужумнинг уч йиллиги муносабати билан» ёпирилма зарба берган.

«Бу уч йил ичида у ўзининг тажовузкор ҳаракатлари, террорчилик усуллари ва ултиматумларини ўзгартирмаганини ва ҳар қандай муҳим дипломатик ва тинчликпарвар саъй-ҳаракатларни рад этишда давом этаётганини қасддан намойиш этишдир.

Россия Ҳамасдан ёмонроқ. Ҳатто Ҳамас ҳам ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик ҳаракатларига рози бўлди. Аксинча, Москва ўзи бошлаган бемаъни урушни – ўзи юта олмайдиган ва ютишни истамайдиган урушни давом эттирмоқда», деб ҳисоблайди вазир.

Сибига Россиянинг фуқаролик энергетика объектларига берган зарбаларидан кейин Украинанинг кўплаб ҳудудлари аҳолиси электр таъминотисиз қолганини қўшимча қилган. «Кузги ҳарорат пасайиши шароитида одамларни энергиядан маҳрум қилиш Геноцид тўғрисидаги конвенциянинг II моддасига мувофиқ геноцидга тенгдир: бу миллий гуруҳни йўқ қилиш мақсадида чидаб бўлмас даражадаги оғир шароитларни юзага келтиришдир», – деди ташқи ишлар вазири.

Украина энергетика вазири Светлана Гринчук ҳам Россия энергетика объектларига дастлабки ёпирилма ҳужумнинг уч йиллиги муносабати билан зарба берганини таъкидлади. «Роппа-роса уч йил олдин – 10 октябр куни бизнинг энергия тизимимиз биринчи оммавий ҳужумлардан бирини бошдан кечирганди. Бугун Россия совуқ ва зулматдан террор қуроли сифатида фойдаланишда давом этмоқда», – деди вазир. Унинг сўзларига кўра, Россия доимий равишда тактикани ўзгартиради ва «катта миқдордаги дронлар ёки ракеталар билан битта объектга оммавий ҳужумларни амалга оширади».

Россия мудофаа вазирлиги Россия қуролли кучлари «Киев режимининг Россия ҳудудидаги фуқаролик объектларига уюштирган террорчилик ҳужумларига жавобан» Украинага йирик зарба берганини маълум қилди. Россия томони «Украина ҳарбий-саноат комплекси корхоналари фаолиятини таъминлаб турган энергетика инфратузилмаси объектлари»га ҳужум қилганини таъкидлаган.

Россия мудофаа вазирлиги қўшимча қилишича, 4–10 октябр кунлари бир ҳафта давомида Украинага битта йирик ва олтита гуруҳли зарба берилган. Ҳужумлар натижасида, жумладан, «Украинанинг ҳарбий саноат корхоналари ва уларни таъминлаб турган энергетика объектлари зарар кўрган».

Сўнгги ҳафталарда Россия қуролли кучлари Украина энергетика объектларига тобора кўпроқ ҳужум қилмоқда. 3 октябрдаги йирик зарба натижасида Украина ички табиий газ қазиб олишнинг 60 фоизидан маҳрум бўлган.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид