Жамият | 19:30 / 12.10.2025
23946
4 дақиқада ўқилади

Тоғ бағридаги қишлоқ: Гулистонда бир кун

Наманган вилоятининг Поп туманидаги Гулистон қишлоғи тоғ оралаб 22 кмга чўзилган. Икки тоғ ораси, сой бўйида жойлашган бу гўша бетакрор табиати билан машҳур. Ёз фаслида дам олувчилар билан тўлиб-тошадиган қишлоқ ҳаво ҳарорати тушиб анча ҳувиллаб қолган. Kun.uz 91 ёшни қаршилаган Равзахон ая Султонова хонадонида меҳмон бўлиб, уларнинг кунлик юмушлари билан танишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Равзахон ая ёши бир жойга бориб қолган бўлса-да анча тетик. Икки мушук унинг доимий ҳамроҳи. Онахон печка қурилган, ташқари мўрисидан бурқсиб тутун чиқаётган уйда мушугини силаб ўтирарди:

Равзахон ая Султонова

“Беш нафар ўғлим бор. Турмуш ўртоғим анча илгари вафот этган. Ўғилларимни уйли-жойли қилдим. Мен билан бирга кенжа ўғлим Ёқубжон қолган. У мактабда қоровул. Икки боласи бор: бир қиз, бир ўғил. Мотоцикли бор. Унда ёз фаслида меҳмонларни тоғга олиб чиқиб пул ишлайди.

Асаларига қизиқиб парвариш қиляпти. Асал йиғиштирганда ҳамма акаларига бир банкадан берди. Ортиб қолганини сотди. Умри узоқ бўлсин. Топганига барака берсин. Ўғлим эрта-ю кеч мени парваришлаб дуо олади.

Бошимиздан анча ташвишли кунлар ўтган. Қийинчилик билан ўсганмиз. Уруш вақтида қорин тўқлаш азобини кўрдик. Керак бўлса, бир бурда нонга зор бўлдик.

Ҳарорат анчагина пасайди. Уйлар совуқ. Ўғлим ўтин тайёрлаб қўйган. Болтада ёриб-ёриб печкага солиб беряпти. Иссиққина ўтирибман. Арзон кўмир тарқалишини кутиб ўтирибмиз. Етмаганига қўлдан сотиб олиб то баҳоргача печка ёқамиз.

Мушукларни яхши кўраман. 10 йилдан кўп бўлди. Кичкина миттича эди. Битта неварам олиб келди бировникидан. Ача шундай боқайлик, чиройли экан деб. Энди шунинг ҳам битта фойдаси бордир. Пайғамбаримизнинг қўллари теккан бу жониворга”, дейди Равзахон ая.

Ёқубжон Султонов

Онахоннинг кенжа ўғлини асалари парвариш қилаётганда учратдик:

“Қишлоғимиз зўр. Ҳавоси тоза, шарқираб оққан сойга кўпчилик ҳавас қилади. Мактабда қоровуллик қиламан. Бўш вақтимда мотоцикл ҳайдаб пул топаман. Ўтин тўплайман. Етмаганига сотиб оламиз. Шундай қилиб тирикчилик ўтиб турибди.

Асалари боқаман. Тоғ гиёҳлари ва янтоқдан яхшигина асал олдим бу йил. Ҳозир табиатда шира қолмаган. Шунинг учун ҳар бир асалари оиласига банан беряпман. Банан таркибида асалари учун яхши озуқалар бор. Банан асосан эрта баҳор ва кузда берилади. Ундан асалари асал ҳам олади. Ҳар уч кунда банан берамиз. Қарабсизки, асалдан банан таъми келиб туради”, дейди Равзахон аянинг кенжа ўғли Ёқубжон Султонов.

Гулистонликлар шаҳарда яшашни орзу қилмайди. Улар қишлоқ ҳаётига кўниккан. Улар печка қурилгани уйи, баланд тоғи ва шарқираган сойини ҳеч нарсага алишмайди...

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид