Жаҳон | 11:36 / 15.10.2025
2634
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС яна тўрт асирнинг жасадини Исроилга топширди

ҲАМАС томонидан топширилган гаровга олинганларнинг жасад қолдиқлари Тел-Авивдаги суд-тиббиёт марказида кимга тегишли экани аниқланади. Reuters хабарига кўра, Ғазода жангчилар Исроил билан ҳамкорликда айбланган бир неча кишини қатл қилган.

Фото: Dawoud Abu Alkas / Reuters

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилга гаровга олинган яна тўрт кишининг жасадини топширди. Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ва Умумий хавфсизлик хизмати (ШАБАК) ҳамроҳлигида ҳалок бўлган гаровга олинганларнинг жасади бўлган тўртта тобут чегарани кесиб ўтди ва Тел-Авивдаги Миллий суд экспертизаси марказига йўл олди, у ерда шахсни аниқлаш жараёнлари ўтказилади. Бу ҳақда 14 октябр, сешанба куни кечқурун Исроил армияси маълум қилди. ЦАҲАЛ вакиллари марҳумларнинг оилаларига ҳамроҳлик қилмоқда.

Жасадларни топшириш Исроил ҳукумати АҚШ президенти Доналд Трамп режаси бўйича келишувлар амалга оширилмаса, Ғазо секторига юбориладиган гуманитар ёрдам юк машиналари сонини икки баробарга қисқартиришини маълум қилганидан кейин амалга оширилди, деб хабар бермоқда Reuters.

Ғазо секторида жами 28 нафар ҳалок бўлган гаровга олинганларнинг жасади қолган. 13 октябр куни кечқурун ҲАМАС жангчилари марҳумнинг қолдиқлари бўлган дастлабки тўртта тобутни Исроил томонига топширди. Ўша куни эрталаб тирик қолган 20 нафар гаровга олинганларнинг барчаси озод қилинди ва Исроилга қайтарилди. Ғазода яна 20 та жасад қолмоқда.

Times of Israel нашрининг ёзишича, ҲАМАС гаровга олинган яна тўрт кишининг жасадини 15 октябр куни қайтаришга ваъда бермоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид