Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Францияда россиялик мухолифатчига суиқасднинг олди олинди
Франция аксилтеррор прокуратураси мамлакатда яшовчи россиялик мухолифатчига суиқасд уюштиришда гумонланган тўрт кишини ҳибсга олди. ОАВ хабарларига кўра, Gulagu.net асосчиси Владимир Осечкинга суиқасд тайёрланган.
Франция миллий аксилтеррор прокуратураси (PNAT) 16 октябр, пайшанба куни мамлакатда яшовчи россиялик мухолифатчига суиқасд тайёрлашда гумонланган тўрт киши ҳибсга олинганини эълон қилди. Идора унинг исмини ошкор қилмади, бироқ Le Parisien газетаси бу шахс Gulagu.net инсон ҳуқуқлари лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкин эканлигини хабар қилди.
У бу маълумотни ўзининг Telegram-каналида тасдиқлади. «Ҳа, тасдиқлайман. Мен тирикман, улар ҳибсга олинган», — деб ёзади Осечкин. У Франция хавфсизлик хизматларига миннатдорчилик билдирди: «Агар уларнинг мутахассислари ва зобитлари бўлмаганида, мен энди тирик қолмасдим».
PNAT хабар беришича, режалаштирилган суиқасд бўйича дастлабки тергов 19 сентябрда бошланган ва Франция ички разведка хизмати ҳам бунга қўшилган. 13 октябр куни ушбу тергов доирасида 26-38 ёшли 4 нафар эркак ҳибсга олинган. Le Parisien нашрининг ёзишича, улар орасида Франция фуқаролари ва Россия Федерацияси таркибига кирувчи Доғистондан бўлган фуқаролар ҳам бор.
2022 йил сентябрида Gulagu.net асосчиси уни оиласи билан яшайдиган Франциянинг Биарриц шаҳрида ўлдиришга уринишгани ҳақида хабар берган эди. Осечкиннинг сўзларига кўра, суиқасднинг олдини болгариялик тадқиқотчи журналист, Bellingcat лойиҳасидан Христо Грозев олган ва унга суиқасд ҳақида хабар берган. Осечкиннинг таъкидлашича, суиқасд «ФСБ ва уюшган жиноятчилик билан чамбарчас боғлиқ бўлган шахс» томонидан режаланган.
Шундан сўнг Франция прокуратураси Владимир Осечкинга нисбатан таҳдидлар бўйича текширув ўтказди, бироқ ҳуқуқ ҳимоячисининг уни кимдир ўлдиришга уринганлиги ҳақидаги даъволарини тасдиқловчи «ҳеч қандай объектив далил» топмади, деб ёзади AFP.
Мавзуга оид
20:32 / 13.06.2026
Ўзбекистонликлар учун Францияда мавсумий иш таклиф этилмоқда
10:08 / 11.06.2026
Ёнилғи нархлари ошиши Европада электромобилларга талабни кучайтирди
10:40 / 09.06.2026
Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди
08:50 / 08.06.2026