Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил ҲАМАСни сулҳни бузганликда айблади
Исроил томонига кўра, ҳамасчилар ЦАҲАЛ ҳарбийларини ўққа тутган, бунга Исроил армияси Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ ҳудудида ҳаво ҳужумлари билан жавоб берган.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҲАМАС гуруҳини ўт очишни тўхтатиш келишувини бузганликда айблаб, Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ ҳудудида ташкилот инфратузилмасига жавоб зарбалари берганини тасдиқлади. Бу ҳақда 19 октябр, якшанба куни ЦАҲАЛнинг расмий Telegram-каналида маълум қилинди. «Бугун, якшанба куни эрта тонгда террорчилар ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларига кўра, Рафаҳ ҳудудидаги террорчилик инфратузилмасини вайрон қилаётган ЦАҲАЛ қўшинларини танкка қарши ракеталардан нишонга олди ва ўт очди», — дейилади ЦАҲАЛ хабарида.
Исроил ҳарбийлари «таҳдидни бартараф этиш учун ҳаво ҳужумлари ва артиллерия ўқлари билан жавоб берди, террорчилик ҳаракати аниқланган бир қанча операцион миналар ва ҳарбий объектларни йўқ қилди», дея маълумот берди ЦАҲАЛ. «Бу ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни қўпол равишда бузишдир ва ЦАҲАЛ қатъий чоралар кўради», — дея қўшимча қилди Исроил армияси.
Гувоҳларнинг AFP агентлигига айтишича, ЦАҲАЛ назорати остидаги Рафаҳ шаҳрида тўқнашувлар бошланган, сўнгра иккита ҳаво ҳужуми уюштирилган. Исроил расмийсининг AFP агентлигига айтишича, ЦАҲАЛ қўшинлари гранаталар ва ҲАМАС снайперлари томонидан ўққа тутилган. «Иккала ҳодиса ҳам Сариқ чизиқдан шарқда Исроил назорати остидаги ҳудудда содир бўлган», — деди AFP манбаси.
ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийси гуруҳ ўт очишни тўхтатиш келишувини бузгани ҳақидаги айбловларни рад этди, деб хабар беради dpa. У ўз баёнотида қоидабузарликда Исроилни ва ЦАҲАЛни «ёлғон баҳоналар»да айблади. Қайд этилганидек, ҲАМАС расмийси гуруҳ томонидан ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади.