Жаҳон | 13:24 / 20.10.2025
2176
2 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШни Миллий вақт хизматига ҳужумларда айблади

Пекин АҚШни Хитойнинг Миллий вақт хизмати марказини бузиб киришда ва ходимлар устидан жосуслик қилиш учун маълумотларни ўғирлаганликда айблади. Вашингтон бу айбловларга изоҳ бермади.

Фото: Martial Trezzini/KEYSTONE/picture alliance

Хитой АҚШни мамлакатнинг Миллий вақт хизмати маркази (NTSC)га киберҳужум уюштирганликда айблаб, бу алоқа, молиявий ва транспорт тизимлари ҳамда электр таъминотини бузиши мумкинлигини даъво қилди. Бу ҳақда 19 октябр, якшанба куни Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги ўзининг WeChat аккаунтида маълум қилди, дея хабар беради Reuters агентлиги.

Пекин АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) «узоқ вақтдан бери» шунга ўхшаш ҳужумларни амалга ошириб келаётганини даъво қилмоқда. Агентликнинг таъкидлашича, у камида 2022 йилга оид аккаунтларни бузиш ва ўғирлашни кўрсатувчи далилларни аниқлаган. Хитой идорасига кўра, бу маълумотлар ходимларнинг мобил қурилмалари ва марказнинг тармоқ тизимларини кузатиш учун ишлатилган.

Хитой махсус хизмати маълумотларига кўра, АҚШ разведкаси 2022 йилда ишчи қурилмаларига кириш учун хорижий смартфон брендининг хабар алмашиш тизимидаги «заифликдан фойдаланган». Хитойнинг таъкидлашича, 2023 ва 2024 йилларда АҚШ марказнинг ички тармоқ тизимларига ҳам ҳужумлар уюштирган ва ерга асосланган юқори аниқликдаги вақтни ўлчаш тизимини бузишга уринган. Вашингтон ҳозирча бу айбловларга изоҳ бермаган.

Хитойнинг Xinhua ахборот агентлиги хабарига кўра, Миллий вақт хизмати маркази Сиан шаҳрида жойлашган бўлиб, Пекин вақтини кузатиш ва алоқа, молия, электр энергияси, транспорт, миллий мудофаа ва бошқа соҳаларда вақтни синхронлаштириш хизматларини кўрсатиш учун жавобгардир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид