Жаҳон | 18:28 / 22.10.2025
4194
2 дақиқада ўқилади

Францияда Луврдан кейин яна бир музейда ўғрилик содир бўлди

Ўғрилар Дени Дидро музейидан олтин ва кумуш тангалар коллекциясини олиб кетди.

Фото: Joffrey Tridon

Францияда Луврдаги ўғриликдан бир неча соат ўтиб, номаълум шахслар «Дени Дидро маърифат уйи»ни тунаб кетди, деб хабар берди France Info.

Воқеа Лангра шаҳрида содир бўлган. Аниқлик киритилишича, номаълум шахслар XVIII-XIX асрларда зарб этилган олтин ва кумуш тангалар коллекциясини ўғирлаган. Бошқа экспонатларга зарар етмаган.

«Дени Дидро маърифат уйи» махсус фармойиш берилгунга қадар ёпилди. Лангра мэрияси аллақачон музейни 24 соат давомида кузатиш учун хусусий қўриқчиларни жалб қилган ва ҳимоя тизимини янгилашни режалаштирмоқда.

Терговчиларнинг фикрича, ўғрилик мақсадли ва тайёргарлик кўрилган ҳолда содир этилган. Ҳодиса 20 октябрга ўтар кечаси Луврнинг талон-торож қилинишидан кейин жамоатчилик норозилиги фонида содир бўлди. Франция Ички ишлар вазирлиги музейлар ва маданий мерос объектлари атрофида хавфсизлик чоралари зудлик билан кучайтирилишини аллақачон эълон қилган.

Маълумот учун: Дени Дидро (1713 – 1784) француз ёзувчиси, файласуф-маърифатпарвари ва драматурги бўлиб, «Энциклопедия ёки фанлар, санъатлар ва ҳунармандчиликнинг изоҳли луғати»га (1751) асос солган. Вольтер, Руссо, Монтескье ва бошқа энциклопедистлар билан биргаликда Дидро учинчи табақанинг мафкурачиси ва Буюк француз инқилобига тайёрлаган маърифатпарварлик асри ғояларининг яратувчиси эди.

Эслатиб ўтамиз, Лувр 19 октябрь куни эрталаб ўмарилди. Париж прокуратураси маълумотларига кўра, Наполеоннинг иккинчи рафиқаси Мария-Луиза коллекциясидан маржон ва зираклар, қиролича Мария-Амалия ва Ҳолланд қироличаси Гортензия де Богарне коллекциясидан учта заргарлик буюми, шунингдек, император Евгения коллекциясидан бир нечта буюмлар ўғирланган.

Париждаги Лувр музейини ўмаришдан етказилган зарар 88 миллион еврога баҳоланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид