Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Венесуэла қирғоқларига Gerald Ford авиаташувчисини жўнатди
Қарор Вашингтоннинг Кариб ҳавзасидаги ҳарбий кампанияси авж олиши ва президент Доналд Трампнинг Венесуэла етакчиси Николас Мадурога таҳдидлари фонида қабул қилинди.
Фото: Reuters
АҚШ ҳарбий вазири Пит Ҳегсет Жанубий қўмондонлик масъул бўлган ҳудудга Gerald Ford авиаташувчиси бошчилигидаги зарба гуруҳини юборишни буюрди, деб хабар берди Reuters.
Қарор Вашингтоннинг Кариб ҳавзасидаги ҳарбий кампанияси авж олиши ва президент Доналд Трампнинг Венесуэла етакчиси Николас Мадурога таҳдидлари фонида қабул қилинди.
Мадуро 23 октябрь куни Қўшма Штатларга инглиз тилида мурожаат билан чиққан эди: «Дунёда тинчлик бўлсин! Илтимос, даҳшатли уруш бўлмасин!».
Баёнот Трамп МРБнинг Каракасга қарши махфий операцияларига рухсат берганини маълум қилганидан кейин янгради. АҚШ аллақачон минтақада «гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш» баҳонасида ҳарбий кемалар ва самолётларни жойлаштирган.
Сентябрь ойи бошидан бери АҚШ ҳарбийлари Венесуэла қирғоқларида 8 та кема ва қайиққа зарба берди, оқибатда 40 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлди. Шу билан бирга, АҚШ йўқ қилинган кемалар ҳақиқатан ҳам гиёҳванд моддаларни олиб кетаётганига далил келтирмади.
Мадуро Вашингтонни Венесуэладаги режимни ўзгартиришга интилишда айбламоқда - Оқ уй айнан шунга интилмоқда, деди куни кеча Трампнинг сафдоши сенатор Линдси Грэм.
Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино пайшанба куни «тўнтаришга» ҳар қандай уриниш муваффақиятсизликка учрашини айтди. У Кариб денгизида Америка кучларининг жойлаштирилишига жавобан Венесуэла қирғоқларида ҳарбий машғулотларга раҳбарлик қилмоқда.
Экспертлар чет эл ва халқаро сувларда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи кемаларга нисбатан ҳалокатли куч ишлатишнинг қонунийлигини шубҳа остига олмоқда, чунки гумонланувчилар на ҳибсга олинган, на сўроқ қилинган.