Аёллар дунёси | 13:04 / 24.10.2025
3794
2 дақиқада ўқилади

Аёлнинг пули унинг бойлиги эмас – ҳимоясидир

Аёл молиявий мустақил бўлиши – бойлик эмас, балки зўравонликдан қутулиш, мустақил қарор қабул қилиш ва фарзандининг келажагини ҳимоя қилиш имкониятидир.

Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий фаоллиги йил сайин ортаётган бўлса-да, молиявий мустақиллик ҳали ҳам кўпчилик томонидан “эркакнинг вазифаси” сифатида қабул қилинади. Аслида эса аёлнинг пули — унинг ҳимояси, қарор қабул қилиш имконияти ва шахсий қадр-қимматини англашдир. Аёлнинг молиявий мустақил бўлиши унинг ўзига, жамиятга қандай фойда келтириши мумкин?

Зўравонликдан халос бўлишнинг энг ишончли кафолати

Оилавий зўравонликка дуч келаётган кўп аёллар мажбурликдан, яъни борар жойлари ва маблағлари йўқлиги учун бунга чидашади. Оқибатда зўравонликларнинг фарзандлар тарбиясига, аёлнинг саломатлигига зарари йиллар ўтиб намоён бўлади. “Уйдан кетсам қандай кун кечираман?”, “Фарзандимни ким боқади?” деган саволлар чидашга мажбур қилади. Молиявий мустақил аёл эса ҳеч қачон зўравонликка маҳкум эмас, чунки унинг танлов имконияти бор.

Аёллар ишлашни, ўқишни, ўз бизнесини бошлашни хоҳлашади. Бироқ аксарият ҳолларда имконият эмас, пул уларни чекловчи омилга айланади. Молиявий эркин аёл ўз йўлини бошқаларнинг танлови билан эмас, ўз қадри учун танлайди. Молиявий эркинлик аёлни “миннат” эвазига эмас, иззат билан яшашга ўргатади. Бу нафақат моддий, балки ички озодликдир.

Фарзанд тарбиясида янги стандарт

Молиявий мустақил она анча хотиржам аёлга айланади. Чунки у ўз истакларини эркин амалга ошира олади. Бу болалар тарбиясида ҳам ўз ижобий натижасини кўрсатади. Бундай оилаларда қизлар таълимига сарф-харажат деб эмас, инвестиция деб қаралади.

Аёллар иқтисодиётга фаол қўшилган мамлакатларда ЯИМ ўртача 30% га ошади, жамият ҳамжиҳатроқ ва барқарорроқ бўлади, демографик хавфлар камаяди. Яъни бу фақат оила эмас — бутун давлат учун ютуқ.

 

Мавзуга оид