Иқтисодиёт | 11:04 / 24.10.2025
2826
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Регулятор изоҳига кўра, йиллик инфляция секинлашган бўлса-да, фаол ялпи талаб шароитида ташқи таклиф омиллари билан боғлиқ нархларни оширувчи хатарлар сақланиб қолмоқда. Қолаверса, хизматлар инфляцияси ҳам юқорилигича қоляпти. МБ 2025 йил якуни бўйича инфляция прогнозини яхшилаб, 8 фоиз атрофида деб белгилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 24 октябр кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Регулятор изоҳига кўра, йилнинг 3-чорагида ҳам иқтисодий фаоллик тенденциялари давом этган. Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари таъминланиши, ўтган йилдаги инфляция омиллари ҳиссаси чиқиб кетиши ва алмашув курси мустаҳкамланишининг товарлар нархларига барқарорлаштирувчи таъсири сентябр ойида йиллик инфляциянинг секинлашишига хизмат қилган.

Шу билан бирга, фаол ялпи талаб шароитида ташқи таклиф омиллари билан боғлиқ нархларни оширувчи хатарлар ва хизматлар инфляцияси юқорилиги сақланиб қолмоқда. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик

14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди, дейилади расмий ахборотда.

Марказий банк пресс-релизи:

2025 йил сентябр ойида умумий инфляция даражаси 0,8 фоиз бандга пасайиб, йиллик 8 фоизга тенг бўлди. Бунда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳи инфляцияси йиллик 6,1 фоизгача секинлашиб, пасайтирувчи ҳисса қўшди. Хизматлар инфляцияси, жумладан, тартибга солинадиган нархлар таъсирисиз ҳам, талаб омиллари ҳисобига умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Қатъий пул-кредит шароитлари ҳисобига талаб омилларининг бироз мақбуллашиши ҳамда алмашув курси мустаҳкамланиши таъсирида базавий инфляция пасаювчи динамикага ўтди ва сентябрда йиллик 7 фоизгача секинлашди. Жумладан, сўмнинг мустаҳкамланиши импорт инфляциясининг секинлашишига хизмат қилиб, ноозиқ-овқат товарлари нархларининг маълум даражада барқарорлашувига ёрдам бермоқда.

Сўнгги ойларда истеъмол саватида нархлари ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашган товар ва хизматларнинг улуши ошиб бормоқда ҳамда нархлар барқарорлашуви кенг қамровли хусусиятга эга бўла бошлаганини кўрсатмоқда.

Сентябр ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этди, бироқ улар жорий ва прогноз инфляция суръатларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йил якунига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди ва 8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда (МБнинг 11 сентябр кунги йиғилишида йил якуни бўйича 8,7 фоиз инфляция прогнози берилганди – таҳр.).

Жорий йилнинг III чорагидаги юқори иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик келгуси чоракда ҳам давом этиб, йил якунида ЯИМ реал ўсиши 7-7,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Аҳоли реал даромадлари ошиши ва чакана кредитлаш фаоллиги харид қобилиятини қўллаб-қувватламоқда ва истеъмол талабини оширмоқда. Бу, ўз навбатида, келгусида иқтисодиётда инфляцион босимларни сақланиб қолишига хизмат қилиши мумкин.

Шу билан бирга, энергия нархлари эркинлаштирилишининг келгуси ойларда инфляцияга иккиламчи таъсирлари намоён бўлиши ҳамда айрим товарлар таклифи билан боғлиқ хатарлар юзага келиши эҳтимоллари сақланиб қолмоқда.

Ушбу шароитда инфляциянинг пасаювчи динамикасини барқарор давом этишини таъминлаш пул-кредит шароитларини жорий нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини сақлаб қолиб, кредитлаш суръатларини мақбуллаштириш ва пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда инфляцияга монетар омилларнинг таъсирини камайтиради.

Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз йиллик 14 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Марказий банк томонидан ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача пасайишига эришиш мақсадида пул-кредит шароитларини етарли даражада қатъийлиги таъминланади.

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 11 декабр кунига белгиланган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид