Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олимлар космосга 4000 та ойна жойлаштириш режасига қарши чиқди
Калифорниядаги Reflect Orbital стартапи улкан ойнани космосга чиқариш учун лицензия олишга ариза топширди — учириш келаси йилга режалаштирилган. Бу компаниянинг улкан лойиҳасини амалга оширишдаги биринчи қадам бўлиб, Ерда тонг ва шом пайтларида электр энергияси ишлаб чиқаришни ошириш учун тўрт мингдан ортиқ қуёшнур қайтаргичлар (рефлекторлар)дан иборат орбитал гуруҳни яратиш кўзда тутилган.
Фото: Reflect Orbital
АҚШ Федерал алоқа комиссиясига (FCC) берилган аризага кўра, EARENDIL-1 йўлдошини 2026 йил апрелида учириш режалаштирилган. Орбитада у 18 х 18 метр ўлчамдаги ойнаси очилиб, қуёш нурини Ер юзасининг танланган участкаларига йўналтириш усулларини намойиш этади. Бундан аввал Reflect Orbital АҚШ ҳаво кучларининг SBIR дастури доирасида 1,25 миллион доллар грант олган. Кейинчалик компания «талабга биноан қуёш нури» хизматини таклиф этишни — қуёш ботганидан кейин ва тонггача ҳақ тўланадиган ҳудудларни ёритиш орқали кунни амалда узайтиришни режалаштирмоқда.
Лойиҳа муаллифлари ўз ойналари тозалиги юқори бўлган энергия ишлаб чиқаришни пик соатларда оширишга, қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсишини яхшилашга, шаҳар ёритишини алмаштиришга, офат зоналарида фавқулодда ёритишни таъминлашга ва ҳатто «тунда ишлаш»ни мумкин қилишга ёрдам беради, деб ваъда қилмоқда. Reflect Orbital 2030 йилга бориб кун-у тунни ажратиб турувчи терминатор чизиғи бўйлаб қуёш-синхрон орбитада тўрт мингта аппаратдан иборат гуруҳни шакллантиришни режалаштирган. Компаниянинг маълум қилишича, ғояга аллақачон тижорий ва давлат ҳамкорлари қизиқиш билдирган, лойиҳа тўлиқ молиялаштирилган, шунингдек 250 мингдан ортиқ эҳтимолий мижоз ариза қолдирган.
Бироқ астрономлар ва экологлар ташвишланмоқда. Улар бундай ойналар ёруғлик ифлосланишини ошириши ва экосистемаларга салбий таъсир кўрсатиши ҳақида огоҳлантирди. Силверадо-Ҳиллс обсерваториясидан астроном Жон Берентайннинг таъкидлашича, қайтарилган нур Ойга нисбатан тахминан тўрт баравар ёрқин бўлади ва уни дарҳол ўчиришнинг иложи йўқ — у фақат мақсадли майдонни эмас, балки атроф-муҳитни ҳам ёритиб юборади. Унга кўра, бу ҳайвонлар ва ҳашаротлар хулқ-атворига таъсир қилади, шунингдек астрономик кузатишларни қийинлаштиради.
Буюк Британия Қироллик астрономия жамияти директори ўринбосари Роберт Мэсси қўшимча қилиб, лойиҳа илм-фан ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотгани ва хатарли прецедент яратиши мумкинлигини билдирди. «Лойиҳанинг асосий мақсади — осмонни ёрқинроқ қилиш ва кунни узайтириш, бу эса астрономия учун фожиа», — деди у.
Reflect Orbital вакиллари бу хавотирларга жиддий ёндашишини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, нур қайтариш қатъий тарзда локаллаштирилади — тахминан беш квадрат километр майдон қисқа вақтга ёритилади, шундан кейин ойна йўналиши ўзгартирилиб, Ерга нур қайтариш тугатилади. 2026 йилдаги намойиш пайтида қайтарилган нур «ёруғлик ҳаракатланувчи юлдуз» каби кўринади, Ер юзасида эса юмшоқ, «Ой ёруғлиги» пайдо бўлади.
Шунга қарамай, олимлар ёруғлик ифлосланиши аллақачон глобал муаммога айланганини ёдга солди: LED-чироқлар кенгайганидан бери тунги осмон ёрқинлиги ҳар йили тахминан 10 фоизга ортмоқда. Бугун 20 йил аввалга нисбатан осмонда кўринадиган юлдузлар сони қарийб икки баравар камайган. Бундан ташқари, ортиқча ёруғлик тирик организмларнинг суткалик ритмини бузади, ҳашаротлар сонини қисқартиради ва инсон саломатлигига — уйқусизлик, депрессия каби ҳолатларга — таъсир кўрсатади.
Бундан аввал ҳам астрономлар йўлдошлар сони ортиб бораётганидан, айниқса Starlink ва AST SpaceMobile каби лойиҳалар муносабати билан, норозилик билдирган — уларнинг аппаратлари суратларда ёруғ излар қолдирмоқда.
Мавзуга оид
13:49 / 27.11.2025
Европа космик агентлиги илк бор мудофаа соҳаси билан шуғулланади
11:20 / 03.11.2025
Ўзбекистонда қурилиш ойналари учун утилизация йиғими жорий этилади
12:54 / 24.10.2025
Мутахассислар: космос ҳарбий тўқнашув майдонига айланди
07:26 / 05.07.2025