Ҳафта бошида қуролланган ўсмирлар АҚШнинг Сан-Диего шаҳридаги Ислом марказида ўт очиб, 3 кишини ўлдирди. Ҳужумларни қайтаришда вафот этган масжид қўриқчиси Амин Абдуллоҳ ва яна икки киши ўнлаб болаларни хатардан сақлаб қолди.
18 май куни АҚШнинг Калифорния штати Сан-Диего шаҳридаги энг йирик масжидга қилинган ушбу ҳужум «нафрат асосидаги жиноят» сифатида текширилмоқда. Reuters’нинг ёзишича, ишга ФҚБ ҳам аралашган.
Ҳужумдан кейинги матбуот анжуманида полиция расмийси Скотт Вол гумонланувчидан бирининг онаси отишмадан тахминан икки соат олдин полицияга қўнғироқ қилганини айтди. Аёл полицияга – ўз жонига қасд қилишга мойил деб таърифлаган ўғли унга тегишли бўлган учта қуролни ва автомобилини олиб, уйдан қочиб кетганини хабар қилган.

Шунингдек, она ўғлининг ёнида ҳамроҳи борлигини ва иккаласи ҳам камуфляж кийимида эканлигини айтган. Полиция ўсмирларни қидириш чораларини бошлаган: эҳтиёт чораси сифатида яқин атрофдаги савдо маркази ва ўсмирнинг мактабига патрулларни жўнатаётган бир вақтда, масжидда отишма бошланган.
Сан-Диего ҳудудидан 50 дан 100 гача бўлган полиция ходимлари биринчи «фаол отишма» ҳақидаги қўнғироққа дарҳол жавоб берган ва тўрт дақиқа ичида масжидга етиб келишган.

Воқеа жойига чақирилган ходимлар уч нафар эркакнинг жасадига дуч келди. Маҳаллий ОАВларга гапирган гувоҳнинг айтишича, у «ярим автоматик қурол» овозига ўхшаш 30 тагача ўқ овозини эшитган. Скот Вол ушбу воқеа давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан бирорта ҳам ўқ узилмаганини айтди.
Полиция ҳужумга жавоб бераётган вақтда бир нечта квартал нарида ободонлаштириш бўлими ишчисига ҳам ўқ узилган. Терговчилар ушбу ҳодисаларни ўзаро боғлиқ деб ҳисобламоқда. Ходим бошида каска бўлгани учун жароҳат олмагани айтилмоқда.
Бироз вақт ўтгач, полиция кўчанинг ўртасидаги автомобилда 17 ва 18 ёшли икки нафар ўсмир йигитнинг жасадини топди.












