Жаҳон | 08:40 / 25.10.2025
3546
3 дақиқада ўқилади

Қозонда конвойга ҳужум қилинди, чақирувдан бўйин товлаган шахс қочиб кетди

Қозонда номаълум шахслар ҳарбий комендатура автомашинасидан чақирувдан бўйин товлаган шахсни тушириб олиб, изсиз ғойиб бўлди. ОАВ маълумотларига кўра, қочган шахс илгари Украинадаги урушда қатнашгани учун медал билан тақдирланган.

Фото: Alexey Malgavko/REUTERS

Жума куни, 24 октябр кечқурун Қозонда чақирувдан бўйин товлагувчиларни ташиш учун мўлжалланган ҳарбий комендатура автомобилига номаълум шахслар ҳужум қилди. Бу ҳақда бир қатор ОАВ, жумладан “Ъ Волга-Урал” ва “Вечерняя Казань”, шунингдек Telegram-каналлар хабар берди.

ОАВ маълумотларига кўра, шу куннинг ўзида ҳарбий комендатура ходимлари чақирувдан қочганларни ва дезертирларни қидириш тадбирлари доирасида Қозонда туғилган, РФ Қуролли кучларида хизмат қилган ва, эҳтимол, ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этган шахсни қўлга олган. У Дзержинский кўчасидаги комендатура биносига “янги тақсимот” учун олиб кетилаётган эди.

Йўл чорраҳасида конвойга давлат рақамлари йўқ қора Kia Rio автомашинаси яқинлашган. Машинадан икки киши тушиб, конвой автомобилининг орқа эшигини очган, ушланган шахсни тушириб олиб, ўша машинанинг ўзида қочиб кетган, деб ёзади “Ъ Волга-Урал”. “Вечерняя Казань”нинг қайд этишича, ҳужум қилганлар қуролланмаган бўлган. Шаҳарда маълум вақтга “Перехват” режаси жорий этилган, аммо бу натижа бермаганини “Ъ Волга-Урал” манбаси маълум қилган.

“Осторожно, новости” Telegram-канали номаълум манбага таяниб, қочган шахс 32 ёшли Фадис Г. эканини ёзади. ОАВ маълумотларига кўра, у 2022 йилда РФдаги “қисман сафарбарлик” доирасида Украинага уруша жўнатилган. 2025 йил август ойида эса у “жанговар бурчни бажаришда кўрсатган жасорати” учун “Жасорат учун” медали билан тақдирланган, деб ёзади “Осторожно, новости”.

Матн чоп этилган пайтга келиб ҳодиса ва ушланган шахс ҳақида расмий маълумот йўқ. ОАВ ҳатто Татаристон ИИВ вакиллари билан боғлана олмаганини қайд этди. Шу билан бирга, Telegram-каналларнинг таъкидлашича, Фадис Г. аввалроқ ҳам қисмни тарк этгани учун ушланган.

Россия армиясидан Украинага қарши тўлақонли босқин бошидан бери камида 49 минг аскар ва офицер дезертирлик қилган бўлиши мумкин, деб ёзган эди “Важные истории” нашри 2025 йил май ойида.

Журналистлар ҳисоб-китобларда икки маълумот базасига таянган: 2022–2024 йилларда Жанубий ҳарбий округда қисмни ўзбошимчалик билан тарк этганлар рўйхати ва 2025 йил март ойида Украина ГУРнинг “Хочу жить” лойиҳаси эълон қилган, РФда дезертирлик ва қисмни тарк этиш учун жиноят иши қўзғатилганлар рўйхати.

Бу рўйхатлар бирлаштирилганда 49 001 нафардан иборат ягона рўйхат ҳосил бўлган. Бу украин Frontelligence Insight OSINT лойиҳасининг 2024 йил декабр ҳолатидаги баҳоси — 50 554 дезертир — билан деярли мос келади. Бироқ оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, РФдаги дезертир ва чақирувдан бўйин товлагувчиларнинг ҳақиқий сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид