Жаҳон | 21:43 / 29.10.2025
6259
2 дақиқада ўқилади

Путин «Посейдон» ядровий торпедоси муваффақиятли синовдан ўтказилганини айтди

Унинг таъкидлашича, «ҳаракат тезлиги ва чуқурлиги бўйича» дунёда бундай ускуна йўқ ва яқин орада пайдо бўлиши даргумон.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин «мўъжизавий қуроллар»нинг муваффақиятли синови ҳақида гапиришда давом этмоқда. «Буревестник» қитъалараро қанотли ракетасидан сўнг, давлат раҳбари «Посейдон» ядровий торпедосини тақдим этди. У бу ҳақда Мандрик номидаги марказий ҳарбий клиник госпиталга ташрифи чоғида айтди.

«Кеча биз яна бир истиқболли комплекс - «Посейдон» сувости экипажсиз маҳсулотини синовдан ўтказдик. У ҳам ядровий энергия қурилмаси билан. Биз биринчи марта нафақат старт двигателини сувости кемасидан ишга туширишга муваффақ бўлдик, балки торпедодаги атом энергия қурилмасини ҳам ишга туширдик», деди Путин.

Унинг таъкидлашича, «ҳаракат тезлиги ва чуқурлиги бўйича» дунёда бундай ускуна йўқ ва яқин орада пайдо бўлиши даргумон.

«Бу улкан муваффақият... «Посейдон»нинг қуввати бизнинг энг истиқболли қитъалараро масофага мўлжалланган «Сармат» ракетамиз қувватидан ҳам анча ортиқ... Уни тўхтатиб қолиш усуллари мавжуд эмас», деб қўшимча қилди Путин.

«Посейдон» торпедаси сув ости дрони деб ҳам аталади. 2018 йилда Путин у «катта чуқурликда ва қитъалараро масофага сув ости кемалари, энг замонавий торпедолар ва барча турдаги сувусти кемаларининг тезлигидан бир неча баравар юқори тезликда ҳаракатлана олишини» айтган эди. Торпедо қирғоқ инфратузилмаси ва душман ҳудудини йўқ қилиш учун қўлланилиши режалаштирилган.

Биринчи «Посейдон» торпедо ташувчиси - «Белгород» сувости кемаси 2019 йил 23 апрелда «Севмаш» заводида сувга туширилган, аммо фақат 2022 йил июнь ойида Баренц денгизида давлат синовларидан ўтган. У 2022 йил 8 июлда Ҳарбий-денгиз флотига топширилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид