Жаҳон | 09:05 / 29.10.2025
3649
2 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Москва, РФ минтақаларидаги НҚЗ ва кимё заводига ҳужум қилди

Украина дронлари 29 октябрга ўтар кечаси Марий Эл ва Уляновск вилоятларидаги нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ), шунингдек Ставропол ўлкасидаги кимё корхонасига зарба берди. Москва томонга яқинлашган дронлар ҳам уриб туширилгани ҳақида Сергей Собянин хабар берди.

Фото: Telegram / exilenova_plus

Украинанинг Exilenova+ Telegram-канали маҳаллий аҳоли томонидан ёзиб олинган видеоларни эълон қилди: уларда Ставропол ўлкасининг Будённовск шаҳридаги “Ставролен” кимё заводида, Уляновск вилояти Новоспасское қишлоғидаги “НС-Ойл” НҚЗда ва Йошкар-Ола шимолида (Марий Эл Республикаси) жойлашган Марий НҚЗдаги ёнғинлар кўринади. Охирги корхона Украина чегарасидан 1000 км узоқликда жойлашган.

Бу объектларга ҳужумлар ҳақида “ВЧК-ОГПУ”, Supernova+ ва “ЧП Будённовск” каби Telegram-каналлар ҳам хабар берди. Уляновск вилояти губернатори Алексей Русских Новоспасское бўйича ҳужумни тасдиқлади. Ставропол ўлкаси губернатори Владимир Владимиров Будённовск саноат зонасига дронлар ҳужуми уриниши бўлганини, вайронагарчилик йўқлигини маълум қилди. Марий Эл ҳокимияти зарбаларни изоҳламади.

Москва мэри Сергей Собяниннинг баёнотига кўра, 29 октябр туни пойтахтга яқинлашган жами еттита украин дрони уриб туширилган. Росавиация Москва аэропортлари — Домодедово, Жуковский, Шереметево, шунингдек Калуга, Волгоград, Саратов, Самара, Пенза, Уляновск аэропортлари ишига вақтинча чекловлар жорий этди. Бир неча соатдан кейин чекловлар бекор қилинди.

РФ Мудофаа вазирлиги 28 октябр кечқурун Украин ҚКнинг 57 та дрони, жумладан Москва томон учиб келаётганлари йўқ қилинганини билдирди. Уляновск вилояти, Ставропол ўлкаси ва Марий Эл бўйича зарбалар ҳақида ҳарбийлар маълумот бермаган.

Украина томонининг бу ҳужумлар юзасидан расмий изоҳи ҳозирча йўқ.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид