Аёллар дунёси | 11:16 / 30.10.2025
1750
2 дақиқада ўқилади

Хусусий сектордаги аёлларга 2026 йилдан ижтимоий суғурта нафақаси берилади

Президент маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансур Оллоёровга кўра, 2026 йилдан хусусий секторда ишловчи аёллар ҳам Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа олади. Шунингдек, келаси йил 1 июлдан хусусий секторнинг ёлланма ходимлари касаллик даврида даромадини суғурта орқали қисман сақлаб қолади.

Оллоёров маълумотига кўра, 2024 йилда мамлакатда 900 мингдан ортиқ туғуруқ қайд этилган, поликлиникаларда аёлларга 133 минг туғуруқ варақаси очилган. Шунинг 115 мингдан ортиғи бюджет ташкилотлари, 15 мингдан ортиғи эса хусусий сектор ходимларига тўғри келган. Ваҳоланки, хусусий секторда ҳар йили 150–160 минг аёл фарзанд кўради.

2026 йилдан хусусий секторда ишлаётган аёллар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади. Нафақа миқдори ходимнинг иш стажи, даромади ва иш берувчи томонидан тўланадиган ижтимоий солиққа қараб белгиланади.

Хусусий секторнинг ёлланма ходимлари касал бўлиб қолган тақдирда даромадини суғурта орқали сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади. Тақдим этилган схемага кўра:

  • илк 2 кун — ходимнинг ўзи ҳисобидан (касаллик варақасисиз);
  • кейинги 5 кун — иш берувчи ҳисобидан;
  • 6-кундан 26 ҳафтагача — Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан.

Ҳар йили ўртача 1,6–1,7 млн касаллик варақаси расмийлаштирилади (тақрибан 1,2–1,3 млн ходим). Шуларнинг 650 минг нафари бюджет тизими вакиллари, қолгани — хусусий сектор ходимлари. Янгиликлар меҳнат бозорида расмий бандликни рағбатлантириш, тадбиркор ва ходим манфаатларини мувозанатлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид