Ўзбекистон | 19:08 / 04.11.2025
6720
8 дақиқада ўқилади

Туркистоннинг юрагида икки кун

Туркия Республикаси миллий таълим вазири, профессор Юсуф Текин Kun.uz'га тақдим этилган мақоласида Самарқанддаги ЮНЕСКО саммити муносабати билан Ўзбекистонга сафари таассуротлари билан ўртоқлашади.

Фото: Туркия миллий таълим вазирлиги

ЮНEСКОнинг 43-бош сессиясида Туркия Республикаси номидан иштирок этиш учун Туркистон заминининг маркази бўлмиш Ўзбекистонга ташриф этишдан бениҳоя хурсанд бўлдик.

Туркистоннинг ҳар бир гўшаси биз учун муҳим, аммо Самарқанд ва Бухорони бағрида жамлаган Ўзбекистоннинг ўрни жуда бошқача. Орамизда илдизлари теран дўстлик бор, чуқур қардошлик ришталари мавжуд. Билге Хоқон томонидан Ўрхун ёдгорликларида “Сабим тукети эшитғил!”, яъни “Сўзимни бошидан охиригача эшитгин!” деган сўзлар билан бошланган бу шодликда ва ғамда бирлик туйғуси минг йиллик тарихга ва бошимиздан кечирган мусибатларга қарамай кундан кунга кучайиб бормоқда. Туркларга хос бу виждон ва раҳм-шафқат идеали бугунги кунда дунёга ўрнак бўладиган қадриятларимизнинг ҳам рамзидир.

Ҳазрат Навоий:

Одами эрсанг демагил одами
Аники
йўқ халқ ғамидин ғами,

деган мисраларида айнан шу идеал куйланади. Ёки, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг бирлик ва ҳамжиҳатликка, ватанга муҳаббатга урғу берган қуйидаги мисралари:

Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи,
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин
энди Туркистон боғи,
Уйғон
, халқим, битсин ортиқ бунча зулмлар,

мисралари ёки бу қардошликда энг кўп эҳтиёж сезганимиз Озодлик урушини тарифларкан ишлатган бу мисралари бирлик ва бирдамлик идеалларимизга ҳамоҳангдир:

Эй Инону, эй Сакария, эй истиқлол эрлари,
Милли
й Мисақ олинганча тўхталмасдан илгари!

...

Биламиз, ким “маданият” бешигида ўлтурғон,
Жаллодларнинг бутун таъма ва ҳирслари сизларда.

...

Эй истиқлол, эй Сакария, эй Инону эрлари,
Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олғувчи селлари!

Туркия–Ўзбекистон қардошлигини ёки менинг бу заминга бўлган муҳаббатимни тарифлаш учун шу каби минглаб мисоллар келтиришим мумкин. Орамизда ана шу юқорида келтирилган шодликда ҳам, ғамда ҳам бирлик ва бирдамликнинг намунаси бўлмиш биродарлик ришталари бор.

Миллий таълим вазири сифатида бизнинг бурчимиз ҳам шу дўстликни мустаҳкамлаш ва келажак авлодларнинг бу қардошлик атрофида янада кучлироқ жипслашишини таъминлашдан иборатдир. Сафаримиз давомида бу борада жуда муҳим қадамлар ташладик. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова билан дўстлигимизни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорлигимиз доирасида ўзбек қардошларимиз учун Истанбулда очиладиган мактаб ва Тошкентдаги Турк мактаби учун ажратиладиган ер майдони ҳақида жуда самарали суҳбатлар ўтказдик. Шу муносабат билан муҳтарама вазирга ва барча Ўзбекистон мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Биз, Туркияда Президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўған раҳнамолигида келаси асрни таълимда Турк асрига айлантириш йўлидаги энг муҳим қадамларимиздан бири бўлган, янгиланган ўқув дастуримиздаги турли ўзгаришлар ва азалий дўстлигимизни мустаҳкамлаш йўлида қилган ишларимиз ҳақида гапириб бердик. Айниқса, инновацион жисмоний ва технологик инфратузилма, ўқитувчи кадрлар етиштириш жараёнлари, касб-ҳунар ва техник таълим, рақамли технологиялар ва таълимдаги сунъий интеллект иловалари, дарсликлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган соҳаларнинг кўплигини ва бу ҳамкорликни тезроқ бошлашнинг қанчалик зарурлигини кўрдик.

Шу доирада Туркия давлати сифатида олиб бораётган сиёсатимизни таълим дипломатияси шаклига айлантириш учун олиб бораётган ишларимизни музокара қилдик. Шу нуқтайи назардан, биз таълим дипломатиясини нафақат жисмоний ёки виртуал синфларда ўқитиладиган дарслар, балки халқларнинг умумий тақдирини белгиловчи стратегик бир жараён, бир жамиятнинг муваффақият ҳикоясини бошқа жамиятларга етказиш усули сифатида кўрамиз. Таълим соҳасида ўрнатган ҳар бир халқаро ҳамкорлигимиз негизида ўз асосий қадриятларимизни келажак авлодларга етказиш мақсади ётади.

Бугунги кунда ташқи сиёсатда муҳокама қилинаётган кўплаб мавзулар – энергетика, хавфсизлик, мудофаа, миграция ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг узоқ муддатли бўлиши учун таълим билан бир қаторда илгари сурилиши шарт. Агар қайси соҳага бўлмасин, таълимни даврага қўшмасангиз, тил топишиш осон бўлмайди, муштарак концептуал замин пайдо бўлмайди; ҳатто баъзан тезда ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолар халқаро муносабатларнинг суръатини секинлаштиради.

Таълим дипломатияси доирасида Ғарбдан Шарққа, Шимолдан Жанубгача дунёнинг ҳар бир бурчагида олиб бораётган фаолиятимиз бизга сунъий интеллект ва янги технологияларни таълимга, дарс дастурларига интеграциялаш, ўқитувчилар малакасини ва соҳада каръера имкониятларини ошириш, касб-ҳунар ва техник таълим йўналишларида саноат билан ҳамкорлик қилиш, таълим қамровини ошириш учун масофавий имкониятларни кенгайтириш, қишлоқлар учун гибрид таълим ва бошқа рақамли ечимлар каби кенг кўламли муаммолар ечимига қаратилган, бир вақтнинг ўзида қадриятларга асосланган таълим моделини яратишда ҳамкорлик учун янги имкониятларни беради.

Қардош Ўзбекистон билан ривожлантираётган таълим соҳасидаги алоқаларимиз ҳам ана шу қарашлар мевасидир. Севги ва маданий ришталарга асосланган фаолиятимизда сезиларли ютуқларга эришмоқдамиз. Ҳозирда Ўзбекистонда 50 нафар ўқитувчи ва 9 нафар мураббийимиз ишламоқда; Тошкентда мактабгача таълимдан лицей даражасигача фаолият юрутувчи икки турк мактабида жами 693 нафар ўқувчи таҳсил олади. Айни пайтда ўқитувчиларимиз турли даражадаги 14 таълим муассасасида ўзбекистонлик биродарларимизга турк тили ва турк маданиятидан сабоқ бермоқда. Қардош мактабларимиз дастури доирасида мамлакатимиздаги бешта мактаб Ўзбекистондаги мактаблар билан тенглаштирилиб, икки давлат ўртасидаги яқин ришталарни сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қиладиган фаолиятларини биргаликда олиб бормоқдалар.

2025 йил 1 ноябрда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири, муҳтарама Эъзозхон Каримова билан имзолаганимиз битим туфайли икки дўст давлат ўртасидаги таълим дипломатияси соҳасидаги алоқаларимиз янги босқичга кўтарилди. Ушбу битим доирасида Тошкентдаги турк мактаблари учун Тошкент шаҳрида мактаб биноси қуриш учун ер ажратилди; худди шундай тарзда Ўзбекистон фуқаролари энг кўп яшайдиган Истанбул шаҳрининг Бакиркўй туманида ўзбек мактаби ташкил этиш бўйича ўзаро келишиб олинди. Бу ўзгаришлар икки давлатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини доимий қилишга интилишининг ёрқин ифодасидир.

Муҳими шундаки, бу ҳамкорлик муштарак идеалга асосланганидадир: қадимги цивилизация фарзандлари сифатида бизнинг тарихимиз муштаракдир; бизнинг келажагимиз ҳам умумий бўлиши керак. Истанбулдаги мактаб ҳам, Тошкентдаги мактаб ҳам биродарлик муҳитимизни бутунлай янги босқичга олиб чиқиб, катта ютуқларга эришади.

Бу ташрифим мен учун дўстлик жараёнини янада ривожлантиришга қаратилган қадамлар жиҳатидан ҳам, менга берган ажойиб ҳиссиётлари жиҳатидан ҳам бебаҳо бўлди. Аввало, ҳар бир ташрифимда янада ривожланган ва янада кучли бўлган Ўзбекистонни кўришдан жуда мамнун эканлигимни билдирмоқчиман. Шунингдек, бу Ўзбекистонни ҳар жиҳатдан катта марраларга эришишини таъминлаган Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига чин юракдан миннатдорлигимни изҳор этишни бурчим деб биламан.

Сўзимнинг сўнггида, бу ташрифимиз давомида бизга кўрсатилган ва қардошлик руҳига ярашадиган мезбонлик ҳамда илиқ меҳмондўстлик учун ташаккуримни айтмоқчиман. Хусусан, дилкаш инсон ва самимий дўст сифатида таниганим Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори жаноб Шерзодхон Қудратхўжага ҳам катта раҳмат айтаман. Туркистон заминининг юрагида ўтказганим икки мазмунли кун учун, ҳамда турк-ўзбек дўстлиги йўлида чин кўнгилдан фидойилик билан меҳнат қилаётган барчага ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман.

Юсуф Текин,
Туркия Республикаси милли таълим вазири

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид