Иқтисодиёт | 14:37 / 05.11.2025
2509
2 дақиқада ўқилади

Германияга Қозоғистон нефти етказиб бериш 25 фоизга ошди

2025 йил октябрида ГФРга “Дружба” қувур тизими орқали 225 минг тонна нефт етказиб берилди, деб хабар қилди “ҚазТрансОйл”. Қозоғистон экспорт ҳажмини йилига 2,5 млн тоннагача оширишни мақсад қилмоқда.

Фото: kaztag.kz

Қозоғистон нефтини Германияга “Дружба” магистрал нефт қувурлари тизими орқали ташиш ҳажми октябр ойида 225 минг тоннани ташкил этди — бу сентябрга нисбатан 25 фоиз кўп, деб хабар берди 4 ноябр куни “Интерфакс-Қозоғистон” миллий компания “ҚазТрансОйл” (ҚТО)га таянган ҳолда.

Компания аниқлик киритишича, “2025 йил октябрида ‘ҚазТрансОйл’ АЖ ПАО ‘Транснефть’нинг магистрал нефт қувурлари тизимига Германияга етказиш учун кейинчалик йўналтириш мақсадида ‘Адамова застава’ нефт топшириш пункти йўналишида 225 минг тонна қозоқ нефтини топширди”.

Қозоғистон Германияга “Дружба” тизими орқали нефт етказиб беришни 2023 йилда бошлаган. 2024 йилда бу йўналишда 1,5 млн тонна хомашё экспорт қилинган. Дастлаб “ҚазМунайГаз” 2025 йилда ҳам шу ҳажмни сақлаб қолишни айтган эди, кейинчалик компания кўрсаткични 2 млн тоннага етказиш нияти борлигини маълум қилди.

2025 йил октябрида “ҚазМунайГаз” раҳбари Асхат Хасенов йил якуни бўйича Қозоғистон Германияга 1,7 млн тонна нефт етказишни кутаётганини баён этди.

Қозоғистон ва Германия “Дружба” нефт қувури орқали етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласида мунтазам музокаралар ўтказмоқда. Қозоғистон энергетика вазири Эрлан Аккенженовнинг таъкидлашича, тизимнинг техник қуввати экспорт ҳажмини йилига 2,5 млн тоннагача етказиш имконини беради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид