Жаҳон | 17:53
1247
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда қўшни давлатлардан транспорт воситалари кириши чекланди

Чора-тадбирлар ёқилғи-мойлаш материалларини чегарадан ноқонуний олиб ўтишнинг олдини олишга қаратилгани таъкидланмоқда.

Фото: exk.kz

Қозоғистонда ёқилғи-мойлаш материалларини чегарадан ноқонуний олиб ўтишнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ҳукуматдаги брифингда энергетика вазири ўринбосари Қайирхон Тутқишбаев маълум қилди, деб хабар берди Tengrinews.

Унинг сўзларига кўра, амалдаги чоралардан бири чегарадош давлатлардан транспорт воситаларининг киришини чеклаш бўлди.

«Ҳозир чегарадош давлатлардан юк ва енгил транспорт воситалари Қозоғистон ҳудудига кунига бир мартадан ортиқ кириши мумкин эмас», деди Қайирхон Тутқишбаев.

«Ноқонуний ёқилғи экспорти»га қарши курашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб давом этди у.

«Асосий ишлар ҳозир ёқилғини ноқонуний олиб чиқиш учун ишлатиладиган қўшимча ёнилғи баклари бўлган автомобилларни аниқлаш бўйича олиб борилмоқда. Бу иш билан ИИВ, Молиявий мониторинг агентлиги, Чегара хизмати ва божхона органлари биргаликда шуғулланмоқда», деди вазир ўринбосари.

Амалдорнинг сўзларига кўра, чегара ҳудудларида ёқилғини ноқонуний олиб чиқишга уринаётган тартиббузарлар мунтазам равишда аниқланяпти.

«Бугунги кунда Қозоғистондан ёқилғи-мойлаш материалларининг «кулранг» экспортини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», деб хулоса қилди Тутқишбаев.

Қозоғистонда айрим турдаги нефт маҳсулотлари ва енгил дистиллятларни темир йўл транспортида олиб чиқиш тақиқланган. Июн ойи охирида республика бош вазири Ўлжас Бектенов чегараларда назоратни кучайтириш ва ёқилғи танқислигига йўл қўймаслик бўйича топшириқ берган эди. Шу билан бирга, Қозоғистон Энергетика вазирлиги уни Россияга етказишга рухсат берди.

Россияда ёқилғи танқислиги муаммоси май ойи охирида пайдо бўлди. Бензин савдосига чекловлар аллақачон 30 дан ортиқ ҳудудда жорий этилган. Кремл Россия ёқилғи импорти бўйича музокаралар олиб бораётганини айтган, аммо қайси давлатлардан экани аниқланмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид