Жаҳон | 20:02 / 05.11.2025
6230
3 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Россияга яна беш минг аскар юборди

KCNA / KNS / AFP / Scanpix / LETA

2025 йил сентябридан буён КХДР Россияга беш мингга яқин аскар жўнатган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги Жанубий Корея разведкаси томонидан мамлакат парламентига тақдим этилган маълумотларга таяниб хабар бермоқда.

Россияга юборилган аскарлар катта эҳтимол билан «инфратузилмани тиклаш» ишларига жалб этилган. Уларнинг мингга яқини миналардан тозалашга ихтисослашган сапёрлардир.

Жанубий Корея парламенти депутати Ли Сон Гвонгнинг маълум қилишича, Корея разведкаси КХДРда Россияга ҳарбийларни юбориш учун «шахсий таркибни ўқитиш ва саралаш»нинг янги белгиларини аниқлаган.

Умуман олганда, Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, ҳозирда Россия-Украина чегараси яқинида 10 мингга яқин шимолий кореялик ҳарбийлар бор.

2024 йил кузида КХДР ҳарбийлари Курск областидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнаша бошлаганди – ўша вақтда бу ҳудуднинг бир қисми Украина қуролли кучлари томонидан ишғол этилганди. Бу ҳақда дастлаб Украина ва Жанубий Корея разведкаси хабар қилди, Москвадагилар буни тасдиқламаган – лекин рад ҳам этмаганди. Январ ойида Украина қуролли кучлари Шимолий Кореянинг икки аскарини асирга олди. Асирларнинг сўзларига кўра, улар «Украинага ёрдам бераётган Жанубий Корея аскарлари» билан жанг қиляпмиз деб ўйлашган.

Россия биринчи марта КХДР аскарлари ўз томонида жанг қилаётганини фақат 2025 йил апрел ойига келиб тан олади. Ўшанда Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов президент Владимир Путинга Курск области ҳудуди тўлиқ озод қилингани ҳақида ҳисобот берган ва Шимолий Корея ҳарбийларига кўрсатилган ёрдам учун алоҳида миннатдорчилик билдирганди.

Август ойида КХДР етакчиси Ким Чен Ин Курск областида жанг қилган қўмондонларни шахсан мукофотлаганди. Таҳлилчилар қўмондонларнинг ватанига қайтиши Шимолий Корея энди тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслигини англатишини тахмин қилишганди. Бунга Россия ҳудудларида жанглар якунлангани, КХДР ҳарбийлари Украина ҳудудидаги жангларда иштирок этишини эса Москва ва Пхенян ўртасида 2024 йил ёзида тузилган мудофаа соҳасида ўзаро ёрдам пакти билан изоҳлаб бўлмаслиги сабаб қилиб кўрсатилганди.

Жанубий Корея ва Ғарб разведкаси маълумотларига кўра, Курск областидаги ҳарбий ҳаракатларда Шимолий Кореянинг 15 минггача аскари иштирок этган бўлиши мумкин. Турли ҳисоб-китобларга кўра, 500 дан бир ярим минггача шимолий кореялик ҳалок бўлган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид