Жаҳон | 09:35 / 06.11.2025
892
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: ЕИ россияликларга кўп марталик визалар беришни деярли тўхтатади

Европа Иттифоқи (ЕИ) шу ҳафтанинг ўзида россияликларга кўп марталик шенген визаларини беришни тақиқлашни режалаштираётгани ҳақида Politico ёзди. Истиснолар гуманитар сабаблар билан келувчилар ва ЕИ фуқаролигига эга шахслар учун амал қилади.

Фото: Nicolas Economou/NurPhoto

Европа Иттифоқи Россия фуқароларига кўп марталик шенген визаларини беришни тақиқлаш ҳақидаги қарорни шу ҳафтада жорий этишни режалаштирмоқда, деб хабар берди 5 ноябр куни Politico нашри уч нафар европалик амалдорга таяниб.

Агар қарор қабул қилинса, россияликлар фақат бир марталик визаларни олиши мумкин бўлади. Истиснолар гуманитар сабаблар билан Европага келмоқчи бўлганлар ҳамда ЕИ мамлакатларидан бири фуқаролигига эга бўлганлар учун қўлланади.

Нашр таъкидлашича, бу чора Украинада давом этаётган уруш учун “тўлов” сифатида жорий этилмоқда. Шу билан бирга, Politico ёзишича, визалар бўйича қарорлар ҳар бир мамлакат давлат идоралари ваколатига киради, шу сабаб ЕИ қоидаларни кучайтириши мумкин, аммо уларни тўлиқ тақиқлаш ваколатига эга эмас.

2022 йил сентябр ойида, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бир неча ой ўтиб, Европа Иттифоқи Россия билан соддалаштирилган визавий тартибни тўхтатган эди. Натижада визавий тўлов 35 евро­дан 90 еврога ошди, аризалар кўпроқ вақтда кўриб чиқила бошланди. Айрим Европа мамлакатлари, жумладан Полша, Латвия, Литва, Эстония ва Чехия россиялик фуқароларга туристик визалар берилишини бутунлай тўхтатди.

Ушбу чекловлар ва бошқа санкциялар ЕИга ташриф буюрувчи россияликлар сонини бир неча баробарга қисқартирди. 2024 йилда иттифоқ мамлакатларига тахминан 541 минг россиялик борди, 2023 йилда — 517 минг, 2021 йилда, урушгача — 4 миллиондан ортиқ. 2024 йилда россияликларга энг кўп шенген визаларини ЕИнинг жанубий мамлакатлари берди: Италия (152 мингдан ортиқ виза), Франция (124 минг), Испания (111 минг) ва Греция (деярли 60 минг). Politico’нинг ёзишича, Венгрия ҳам пешқадамлар сирасига киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид