Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Сербиядан россияликларга паспорт беришни чеклашни талаб қилмоқда
Сербия фуқаролигини олган россияликлар ЕИга визасиз кириш имкониятига эга бўлади, бу эса Европанинг хавфсизлигига таҳдид солади, деб айтилди Брюсселда. Европа комиссияси аввалроқ Сербиянинг ЕИга интеграциялашувидаги тараққиёти ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.
Европа комиссияси Белградни Сербиянинг ЕИга қўшилиши жараёни доирасида РФ фуқаролари учун визавий сиёсатни қатъийлаштириб, уни ЕИ талаби билан мувофиқлаштиришга чақирди. 4 ноябр куни эълон қилинган 2025 йилга доир Сербия бўйича ҳисоботда қайд этилишича, Сербиянинг визавий сиёсати ЕИнинг қайси учинчи мамлакатлар фуқароларига кириш визаси талаб этилиши белгилаб қўйилган рўйхатига фақат қисман мос келади.
Брюссел фикрича, россияликларга Сербия фуқаролигини бериш амалиёти ва шу орқали уларнинг ЕИга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлиши ЕИ хавфсизлиги учун потенциал хатарлар туғдиради. Шу билан бирга, Россия фуқароларига паспорт беришни чеклаш талаби янги аъзоларни қабул қилишга оид ЕИнинг сиёсатини белгилайдиган Кенгайтириш чора-тадбирлар пакетига киритилган.
Брюссел Сербиянинг Россияга қарши ЕИ санкцияларига қўшилмаганини қайд этди. Белград ЕИ Кенгашининг айрим қарорларини, жумладан Россия ҳаракатларини қораловчи баёнотларни қисман қўллаб-қувватлаган, бироқ “Москва билан юқори даражадаги алоқаларни сақлаб қолган ва Ғарбга қарши пропаганда унсурлари мавжуд риторикани давом эттирган”, дея маълум қилди Европа комиссияси.
Европа Иттифоқида Сербия президенти Александр Вучичнинг Россия раҳбарияти билан “алоқалар”и ҳам эътиборга олинди. Хусусан, Брюссел унинг 9 май куни Москвадаги парадда иштирок этгани ва РФ президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказганини эслатди.
ЕИнинг кенгайтириш бўйича комиссари Марта Коснинг таъкидлашича, кўплаб бошқа номзод давлатлардан фарқли ўлароқ, Сербия ислоҳотлар ва демократлашув жараёнини секинлаштирган. Шунингдек, серб парламенти самарадорлиги “камдан-кам йиғилишлар” ва “ҳақиқий сиёсий муҳокамаларнинг йўқлиги” сабаб пасайгани қайд этилди.
Худди шу куни ЕИга аъзо бўлишга номзод бошқа давлатлар бўйича ҳам шунга ўхшаш ҳисоботлар эълон қилинди.
Мавзуга оид
08:40 / 06.06.2026
Кремлда Путин ва Шрёдер ўртасида учрашув бўлиб ўтди
08:35 / 06.06.2026
Сербияда оғир вазиятда қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
22:29 / 05.06.2026
Россия яна урушни танлади — Зеленский Путинга жавоб берди
20:55 / 05.06.2026