Жамият | 19:54 / 09.11.2025
2342
3 дақиқада ўқилади

Андижонда субсидия маблағлари мақсадсиз сарфланганлиги аниқланди

2023-2024 йиллар давомида тадбиркорлик субъектларига ажратилган жами 7,8 млрд сўм миқдоридаги субсидия маблағларидан 2,6 млрд сўми мақсадсиз сарфланган,  шундан 1,8 млрд сўмлик қисми ўзлаштириб юборилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Андижон вилоятида субсидия маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши бўйича ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш давомида аниқланишича, 2023-2024 йиллар давомида тадбиркорлик субъектларига ажратилган жами 7,8 млрд сўм миқдоридаги субсидия маблағлардан 2,6 млрд сўми Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги 307-сон қарори талабларига зид равишда мақсадсиз сарфланган. Шундан 1,8 млрд сўмлик қисми ўзлаштириб юборилган.

Жумладан, Балиқчи туманида 4 та юридик шахс томонидан 74 нафар касаначига 729,6 млн сўмлик, Улуғнор туманида 1 та юридик шахс томонидан 48 нафар касаначига 401,3 млн сўмлик, Жалақудуқ туманида 1 та юридик шахс томонидан 25 нафар касаначига 247,5 млн сўмлик, Хонобод шаҳрида 1 та юридик шахс томонидан 10 нафар касаначига 204 млн сўмлик, Қўрғонтепа туманида 2 та юридик шахс томонидан 19 нафар касаначига 180 млн сўмлик ва Шаҳрихон туманида 1 та юридик шахс томонидан 9 нафар касаначига 69 млн сўмлик асбоб-ускуналар етказиб берилмаганлиги аниқланди.

Шунингдек, Избоскан туманида 2 та юридик шахс 79 нафар касаначига ажратилган субсидия маблағлари ҳисобидан тикув машиналарини таъминотчи сифатида 118 млн сўм устама қўшган ҳолда етказиб берган.

Касаначилар билан меҳнат шартномалари тузилмагани, амалдаги бандлиги таъминланмагани ва ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаганлиги натижасида 792,3 млн сўм миқдоридаги субсидия маблағлари мақсадсиз сарфланган.

Шунингдек, ижтимоий шартнома шартларининг бажарилиши субсидия маблағлари ажратилган рўйхатдаги касаначиларнинг иш билан бандлигини таъминланганлиги ҳамда иш ҳақларининг ҳисобланиши солиқ органларига топширилган ҳисоботлари асосида ўрганилганда қарор талаблари бузилиши, ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаганлиги ҳолатлари аниқланди.

Қарор талаби бўйича Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан субсидия маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан мониторинг тадбирлари орқали назорат қилиб бориш ишларида ҳам масъулиятсизлик ва қўпол хатоларга йўл қўйилган.

Тўпланган материаллар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид