Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иқлим ўзгаришига қарши кураш: 2015 йилдан бери дунё нимага эришди?
Париж иқлим келишувига 10 йил тўлди. Қайта тикланувчи энергетика шиддат билан ривожланмоқда, йўлларда электромобиллар сони ортмоқда, аммо шу билан бирга СО2 ташламалари ҳам ўсмоқда. Глобал исишни тўхтатишнинг иложи бўлмаяпти.
Фото: ТАСС
10 ноябр куни жаҳон етакчилари Бразилиядаги 30-глобал иқлим саммити — COP30’га йиғилар экан, олимлар глобал исишдаги ҳар бир улуш даражаси ҳамон катта аҳамиятга эга экани ҳақида огоҳлантирмоқда. Шу омил миллионлаб одамлар хавфсизликда яшайди ёки азият чекадими — шунга бевосита боғлиқ.
Ўн йил муқаддам иқлим ўзгаришига қарши курашда бурилиш нуқтаси бўлган Париж келишуви имзоланган эди. Илк бор деярли 200 давлат глобал исишни 2°C дан пастда чеклаш, аср охиригача ўсишни 1,5°C атрофида ушлаб туришга интилиш тўғрисида мажбурий битим қабул қилди. Олимлар бу ошиш иқлим ўзгаришида жиддий ва қайтмас зарар келтиришини таъкидлаб келган.
Бироқ БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастурининг 2025 йилги “Ташламалар оралиқ тўсиғи тўғрисидаги ҳисоботи”да бу ошиш “муқаррар”, “кейинги ўн йил ичида рўй беради” ва дунё учун “вайронкор оқибатлар”га олиб келади, дея қайд этилган. Ушбу ҳисобот ҳар йили БМТ иқлим конференцияси олдидан эълон қилинади.
Янги маълумотларга кўра, агар мамлакатлар ўзи БМТга тақдим этган иқлим мақсадларини тўлиқ амалга оширса, 2100 йилга бориб глобал ҳарорат 2,3–2,5°C га ошади. Бу ўтган йилги ҳисоботда келтирилган 2,6–2,8°C прогнозидан бироз яхшироқ, аммо ҳозирги сиёсат ўзгармай қолса, шу диапазонда амалга ошиши мумкин. Ўн йил аввалги башоратлар эса аср охиригача ҳарорат 3,5°C гача ўсишини кўрсатган эди.
Сўнгги 10 йилда иқлим ўзгаришига қарши курашда айрим кўзга кўринадиган силжишлар бўлганига қарамай, мутахассислар дунёни танлов чегарасида турибди, дея огоҳлантириш бермоқда. Мамлакатлар нефт, газ ва кўмирдан фойдаланишда давом этар экан, ҳарорат кўтарилиши одамлар ўлимига олиб келувчи довуллар, тошқинлар ва иссиқлик тўлқинларини кучайтирмоқда. Охирги ўн йиллик кузатувлар тарихида энг иссиқ давр бўлди, ўтган йил эса улар орасида энг иссиғи сифатида қайд этилди.
Ҳароратнинг ўсиши тахминан ҳар дақиқада бир инсон ҳаётини олмоқда, исканжага солувчи парник газлар манбаи бўлган қазилма ёнилғини ёқишдан келиб чиққан ҳаво ифлосланиши ҳар йили 2,5 миллион одамнинг умрига зомин бўляпти, деб баҳоланади. Бу улкан иқтисодий зарар ҳам етказмоқда: ўтган йил глобал йўқотишлар 304 млрд долларни ташкил этди.
Шу орада ҳаётий аҳамиятга эга экотизимлар имкониятлари чеккасига бориб қолди. Жорий йилда дунё ўзининг илк иқлимий “қайтиш нуқтаси”дан ўтди — денгизлар исиши маржонлар оммавий йўқолишига сабаб бўлмоқда. Маржон рифлари дунёдаги энг биохилма-хил экотизимлардан бири бўлиб, денгиз ҳаётининг тўртдан бир қисмини қўллаб-қувватлайди. Олимлар Амазонка тропик ўрмонларининг йўқолиши ва муҳим океан оқимларининг тўхташи каби бошқа хавфли бурилиш нуқталарига ҳам хавфли даражада яқинлашиб қолингани тўғрисида огоҳлантирмоқда.
Бу танг ҳолат қазилма ёнилғини ёқиш давом этаётгани билан боғлиқ. 2024 йилда парник газлар чиқиндилари рекорд даражага етди ва ҳозир 1990 йилги даражадан 65 фоизга юқори.
Париж келишуви мақсадларига эришиш учун ташламалар бугунга келиб тез суръатда камайишни бошлаши керак эди. Аммо сўнгги таҳлиллар бундай секинлашиш аломатлари йўқлигини кўрсатмоқда.
Ўтган йили мутлақ ташламалар кескин ортди: инсон фаолияти — аввало кўмир, нефт ва газ ёқилиши натижасида атмосферага 53,2 гигатонна СО2-эквивалент чиқарилиб, рекорд кўрсаткич қайд этилди. Бу ташламанинг мутлақ кўп қисми турмуш ва иқтисодиётни таъминловчи энергетика сектори ҳиссасига тўғри келади.
Уларнинг учдан икки қисми бор-йўғи саккизта иқтисодиёт зиммасига тушди: Хитой, АҚШ, ЕИ, Ҳиндистон, Россия, Индонезия, Бразилия ва Япония. Ушбу йирик ифлослантирувчилардан фақат ЕИ ва Япония 2023 йилга нисбатан йиллик ташламаларини қисқартирди.
Париж келишуви бўйича умумий мажбуриятлардан ортда қолишга қарамай, ҳайратланарли ютуқлар ҳам бор. Қайта тикланувчи энергетиканинг глобал ўсиши кескин тезлашди, ҳатто энг оптимистларнинг ҳам тахминидан ошиб кетди. Қийматларнинг тез пасайиши бу бумни рағбатлантирмоқда: “яшил” энергияга сармоялар ўсиб, ҳозир қазилма ёнилғидан икки бараварга яқин кўпайяпти.
Париж келишуви имзоланганидан буён қайта тикланувчи манбалардан ишлаб чиқариладиган глобал энергия улуши уч баробардан кўпроқ ортди. 2024 йилда дунё бўйича қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқариш рекорд ўсишга эришди, улар ҳозир жаҳон электр энергиясининг 40 фоизини таъминламоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида қуёш ва шамол энергетикаси электр энергиясига бўлган ўсиш талабини тўлиқ қоплаб, биринчи бор кўмирдан устун келди.
Британиянинг Energy and Climate Intelligence Unit нотижорат ташкилоти таҳлилига кўра, глобал қуёш қувватлари ҳозир 2015 йил прогнозларидан тўрт баробар кўп бўлиб, ҳар уч йилда икки бараварга ўсмоқда, шамол энергетикаси эса уч бараварга ортган.
Хитой бу соҳада пешқадам: ўтган йили у дунёдаги барча давлатларнинг жамидан кўпроқ қуёш станцияларини ўрнатди — уларнинг қуввати 2010 йилга нисбатан минг баробарга кўпайган.
Ўтган ўн йилликда электромобилларнинг умумий автомобил савдосидаги улуши 1 фоиздан деярли тўртдан бир қисмгача ўсди. Дунё Париж мақсадларидан бири — 2030 йилга қадар йўлларда 100 миллион электромобил бўлиши кўрсаткичига режадан олдин етиши мумкин.
Бироқ бу тараққиётнинг муҳим чекланишлари бор. Қайта тикланувчи манбалар рекорд янгилаётгани каби, “энг ифлос” қазилма ёнилғи — кўмир ҳам ўтган йили рекорд истеъмол кўрсаткичига етди. “Яшил” энергетикага инвестициялар ўсаётган бўлса-да, қазилма ёнилғини давлат томонидан молиялаш ҳам — йилига 1,6 трлн доллар (1,37 трлн евро)га кўпайган.
Мутахассислар айтишича, ҳозирги чора-тадбирлар натижалари режадагидан ҳали жуда узоқ. Аср охиригача глобал ҳарорат 2,6°C гача ўсадиган сценарийнинг ўзи ҳам бугунги даражага нисбатан бир йилда яна 57 та ўта иссиқ, ҳаёт учун хавфли кунлар қўшилишини англатади.
Бразилиянинг Белен шаҳридаги конференция олдидан мамлакатлар иқлим ўзгаришига қарши курашда кўпроқ саъй-ҳаракат қилиши тўғрисида ваъда бермоқда. Ҳозиргача қабул қилинган мажбуриятлар 2035 йилга бориб ташламаларни бор-йўғи 10 фоизга қисқартиришни кўзда тутади.
“Иқлим бўйича амалий ҳаракатлар ҳолати”нинг 2025 йилги ҳисоботига кўра, дунё ўз мажбуриятларини кескин кучайтириши ва барча секторларда ташламаларни қисқартириш суръатини тезлаштириши зарур. Бу шу ўн йилликда кўмир истеъмолини 10 баробарга камайтириш, ўрмонларни кўпайтириш (қирилишини тўхтатиш) бўйича саъй-ҳаракатларни 9 баробар ошириш, қайта тикланувчи энергетика ўсиш суръатини икки бараварга чиқариш, глобал иқлим молиялашини йилига деярли 1 трлн долларгача етказиш ва дунёдаги энг ифлос шаҳарларда жамоат транспорти инфратузилмасини тез суръатда кенгайтиришни ўз ичига олади.
Мавзуга оид
09:59 / 26.11.2025
Хитой компанияси Навоийда атмосферага заҳарли чиқиндилар ташлашни камайтириш бўйича лойиҳаларни амалга оширади
18:09 / 25.11.2025
Экология инспекторига куч ишлатган Бувайда тумани ҳокими ўринбосари ишдан олинди
17:17 / 25.11.2025
Атмосферага зарар етказаётган 18 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди
15:25 / 25.11.2025