10 ноябр куни жаҳон етакчилари Бразилиядаги 30-глобал иқлим саммити — COP30’га йиғилар экан, олимлар глобал исишдаги ҳар бир улуш даражаси ҳамон катта аҳамиятга эга экани ҳақида огоҳлантирмоқда. Шу омил миллионлаб одамлар хавфсизликда яшайди ёки азият чекадими — шунга бевосита боғлиқ.
Ўн йил муқаддам иқлим ўзгаришига қарши курашда бурилиш нуқтаси бўлган Париж келишуви имзоланган эди. Илк бор деярли 200 давлат глобал исишни 2°C дан пастда чеклаш, аср охиригача ўсишни 1,5°C атрофида ушлаб туришга интилиш тўғрисида мажбурий битим қабул қилди. Олимлар бу ошиш иқлим ўзгаришида жиддий ва қайтмас зарар келтиришини таъкидлаб келган.
Бироқ БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастурининг 2025 йилги “Ташламалар оралиқ тўсиғи тўғрисидаги ҳисоботи”да бу ошиш “муқаррар”, “кейинги ўн йил ичида рўй беради” ва дунё учун “вайронкор оқибатлар”га олиб келади, дея қайд этилган. Ушбу ҳисобот ҳар йили БМТ иқлим конференцияси олдидан эълон қилинади.
Янги маълумотларга кўра, агар мамлакатлар ўзи БМТга тақдим этган иқлим мақсадларини тўлиқ амалга оширса, 2100 йилга бориб глобал ҳарорат 2,3–2,5°C га ошади. Бу ўтган йилги ҳисоботда келтирилган 2,6–2,8°C прогнозидан бироз яхшироқ, аммо ҳозирги сиёсат ўзгармай қолса, шу диапазонда амалга ошиши мумкин. Ўн йил аввалги башоратлар эса аср охиригача ҳарорат 3,5°C гача ўсишини кўрсатган эди.
Сўнгги 10 йилда иқлим ўзгаришига қарши курашда айрим кўзга кўринадиган силжишлар бўлганига қарамай, мутахассислар дунёни танлов чегарасида турибди, дея огоҳлантириш бермоқда. Мамлакатлар нефт, газ ва кўмирдан фойдаланишда давом этар экан, ҳарорат кўтарилиши одамлар ўлимига олиб келувчи довуллар, тошқинлар ва иссиқлик тўлқинларини кучайтирмоқда. Охирги ўн йиллик кузатувлар тарихида энг иссиқ давр бўлди, ўтган йил эса улар орасида энг иссиғи сифатида қайд этилди.
Ҳароратнинг ўсиши тахминан ҳар дақиқада бир инсон ҳаётини олмоқда, исканжага солувчи парник газлар манбаи бўлган қазилма ёнилғини ёқишдан келиб чиққан ҳаво ифлосланиши ҳар йили 2,5 миллион одамнинг умрига зомин бўляпти, деб баҳоланади. Бу улкан иқтисодий зарар ҳам етказмоқда: ўтган йил глобал йўқотишлар 304 млрд долларни ташкил этди.
Шу орада ҳаётий аҳамиятга эга экотизимлар имкониятлари чеккасига бориб қолди. Жорий йилда дунё ўзининг илк иқлимий “қайтиш нуқтаси”дан ўтди — денгизлар исиши маржонлар оммавий йўқолишига сабаб бўлмоқда. Маржон рифлари дунёдаги энг биохилма-хил экотизимлардан бири бўлиб, денгиз ҳаётининг тўртдан бир қисмини қўллаб-қувватлайди. Олимлар Амазонка тропик ўрмонларининг йўқолиши ва муҳим океан оқимларининг тўхташи каби бошқа хавфли бурилиш нуқталарига ҳам хавфли даражада яқинлашиб қолингани тўғрисида огоҳлантирмоқда.
















