Жамият | 08:52 / 12.11.2025
10551
1 дақиқада ўқилади

Жиззахда туман ФВБ бошлиғи пора олган пайтда ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари ўтказган тезкор тадбирда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш эвазига аввалига 200 доллар, кейинроқ 6 млн сўм талаб қилгани учун ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан иш қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Фото: ДХХ

ДХХ хабарида қайси туман ҳақида гап кетаётгани очиқланмаган.

Терговгача бўлган маълумотларга кўра, мансабдор шахс 2025 йил сентябр ойида тадбиркор қуришни режалаштирган кўп қаватли уйнинг лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш учун 200 доллар олган. Кейинчалик, шу ҳудудда хусусий мактаб қуриш лойиҳасини тасдиқлаш учун тадбиркордан 6 млн сўм талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида у пулни турмуш ўртоғи орқали қабул қилаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ҳозирда жиноят иши доирасида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қонунга мувофиқ, ЖК 210-модда 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган пора олиш жинояти учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид