Молия | 15:41 / 13.11.2025
7330
13 дақиқада ўқилади

Кулранг маош: пулларингиз қай тарзда йўқолмоқда

Сиз янги ишга жойлашдингиз. Ойлик бериладиган куни ҳисобчи сизга нақд пул солинган конвертни узатди. Ҳаммаси рисоладагидек: пул қўлингизда, бемалол сарфлашингиз мумкин. Лекин орадан бир неча ой ўтгач, нимадир нотўғри эканини сеза бошлайсиз.

Фото: Freepik

Қуйида биз нима учун кулранг маош кўпроқ маблағ ишлашга ёрдам бермаслиги, аксинча – сизни пулингиз, ҳуқуқларингиз ва келажакка ишончингиздан маҳрум қилиши ҳақида сўзлаб берамиз.

Мақола информацион тусга эга бўлиб, юридик маслаҳат ҳисобланмайди. Баҳсли ҳолатларда малакали юристга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Кулранг маош нима ва бу қандай ишлайди

Кулранг маош – бу компаниянинг сизга расман минимум (одатда 1–2 миллион сўм) ойлик маош тўлаб, қолган қисмини конвертга солиб қўлингизга нақд пулда бериши. Иш ҳақи ведомостида бошқа сумма кўрсатилади, қўлингизга эса бошқа сумма тегади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори давлат томонидан белгилаб қўйилган. Бу миқдор ҳозирда ойига 1 млн 271 минг сўмга тенг. Айрим иш берувчилар ҳужжатларда ана шу минимал миқдорни кўрсатади ва шу суммадан 12% даромад солиғини ушлаб қолиб, 25%га яқин ижтимоий солиқни тўлайди (Солиқ қодексининг 258-моддаси). Қолган қисмини эса солиқларсиз, ушламаларсиз – нақд пулда оласиз.

Бу нега хавфли

Иш берувчи расмий даромаддан 12% даромад солиғини ушлаб қолиши ва уни давлат бюджетига ўтказиши шарт. Бундан ташқари, компания иш ҳақи жамғармасидан 25%га яқин ижтимоий бадал тўлайди – айнан шу бадаллар сизнинг пенсия стажингиз ва нафақа олиш ҳуқуқингизни шакллантиради.

Маошнинг бир қисми конвертда берилганида эса, бу пуллардан бадал тўланмайди. Демак, пенсия стажи ошмайди, меҳнат таътили ва касаллик варақаси бўйича тўловлар ҳисобланмайди, кредит, виза ёки субсидия расмийлаштиришда даромадни тасдиқлашнинг эса иложи бўлмайди.

Мисол: Сизга 5 миллион сўм ваъда қилишди. Шартномада 1,5 миллион сўм кўрсатилган. Иш берувчи ушбу суммадан солиқ тўлайди. Қолган 3,5 миллион сўм эса конвертда берилади – у расман мавжуд бўлмайди.

Қоғозда ҳаммаси қонунийдек кўринади, амалда эса бу сизнинг ҳисобингизга солиқлардан бўйин товлашнинг классик схемаси.

Кулранг маош пулларингизни қандай “ейди”

Таътил пули: бир таътилда 3,3 миллион сўм минус

Таътилга чиқмоқчи бўлганингизда, сизни нохуш сюрприз кутади.

Таътил пули қандай ҳисобланади

Қонунга кўра, таътил пули ўртача маош бўйича ҳисобланади (Меҳнат кодексининг 257-моддаси). Иш берувчи томонидан охирги 12 ой давомида расман тўланган барча даромадлар ҳисобга олинади.

Формула оддий (МК 257-модда, 8-қисм):

  • Кунлик ўртача маош = ойлик ўртача маош / 25,3
  • Таътил пули = кунлик ўртача маош × таътил давридаги иш кунлари сони

Фақат ҳужжатда кўрсатилган маблағ ҳисобга олинади. Конвертдаги пуллар ҳеч қаерда қайд этилмаган – демак, улар ҳисобга олинмайди.

Мисол: 5 млн сўм маошга бир йил ишладингиз, лекин бу вақтда расмий маошингиз 1,5 млн сўм бўлган. Энди, 28 кунга таътилга чиқяпсиз.

Бу ҳолатда қўлингизга тегадиган сумма: 1 500 000 / 25,3 × 24 = 1 423 000 сўм

Агар ҳаммаси расмий бўлганида, бу сумма қуйидагича бўларди: 5 000 000 / 25,3 × 24 иш куни (6 кунлик иш ҳафтасида) = 4 743 000 сўм

Бу ҳолатда сиз 3,3 миллион сўм йўқотасиз.

Тўғри, айрим иш берувчилар таътил пулининг кулранг қисмини тўлаб беришади, лекин бу кафолатланмаган.

Нима қилиш мумкин

Раҳбарият билан келишишга уриниб кўринг. Лекин сизга рад жавоби берилиши ёки пул тўлиқ миқдорда берилмаслигига тайёр туринг.

Беморлик: ҳар сафар касал бўлганингизда бир миллиондан йўқотасиз

Агар оғриб қолиб касаллик таътилига чиқсангиз, сизга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик тўлови берилиши керак (МК 286-модда). Унинг миқдори меҳнат стажига боғлиқ (Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2024 йилдаги 314-сонли Қарорига 1-илова):

Муаммо: тўлов расмий маош бўйича ҳисобланади.

Мисол

Грипп бўлиб қолдингиз. Шифокор 10 кун даволанишни буюрди (1-10 феврал). Стажингиз 9 йил — ўртача маошнинг 80% миқдори берилиши керак.

Расмий маош — 1,5 млн сўм. Реал маош — 5 млн сўм.

Олишни мўлжаллаяпсиз: 5 000 000 / 25,3 × 8 иш куни (6 кунлик иш ҳафтасида) × 80% = 1 264 800 сўм

Аслида оласиз: 1 500 000 / 25,3 × 8 × 80% = 379 400 сўм

Йўқотасиз: 885 400 сўмбир марта касал бўлганингизда.

“Декрет пули” билан ҳам худди шундай. Ҳомиладорлик ва туғруқ нафақалари расмий маош бўйича ҳисобланади. Икки ёшгача бўлган фарзанд парвариши учун нафақа ҳам худди шу схема бўйича ҳисобланади.

Нима қилиш мумкин

Ҳамкасбларингиздан касаллик учун тўлов қандай тўланишини сўранг. Барчасини иш берувчи билан аввалдан муҳокама қилиб олинг. Эҳтимол, компания тафовутни норасмий равишда тўлаши мумкин, лекин кўпинча бундай бўлмайди.

Ишдан бўшатилиш: 10,5 миллион сўм йўқотасиз

Агар компанияда штат қисқарса, сизга ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши керак (МК 173-модда). Унинг миқдори иш стажига боғлиқ:

Қўшимча тўловлар

Ишдан бўшатилгандан кейин иш тополмасангиз, сизга нафақа тўланади (МК 100-модда):

●    Иккинчи ой учун – яна бир ойлик ўртача маош (агар ишга жойлашмасангиз)

●    Учинчи ой учун – яна бир ойлик ўртача маош (агар бандлик марказида рўйхатда турсангиз)

Фақат бу тўловлар расмий иш ҳақи бўйича ҳисобланади.

Мисол: Сиз 8 йил ишладингиз. Расмий маошингиз — 1,5 млн сўм, реал маош — 5 млн сўм. Ишдан бўшатилганингизда олишни мўлжаллаяпсиз:

●    Ишдан бўшатиш нафақаси: 5 000 000 × 100% = 5 000 000 сўм

●    Иккинчи ой учун: яна 5 000 000 сўм

●    Учинчи ой учун (бандлик маркази йўлланмаси бўйича): яна 5 000 000 сўм

●    Жами: 15 000 000 сўм

Лекин сизга тўлашади:

●    Ишдан бўшатиш нафақаси: 1 500 000 × 100% = 1 500 000 сўм

●    Иккинчи ой учун: 1 500 000 сўм

●    Учинчи ой учун: 1 500 000 сўм

●    Жами: 4 500 000 сўм

Йўқотасиз: 10,5 миллион сўм

Ундан ҳам ёмони: «ўз аризасига кўра» ишдан бўшаш

Иш берувчи сизни «ўз хоҳишингиз билан ишдан бўшатиш ҳақида» ариза ёзишга мажбур қилиши мумкин. Бу ҳолда сизга ҳеч қандай пул тўланмайди.

Кулранг маош берадиган компанияларда бундай ҳолатлар тез-тез учрайди. Сиз ариза ёзасиз  ва ҳеч нарсасиз қоласиз.

Пенсия: умрингиз охиригача ҳар ой 2,1 миллион сўм минус

Сизнинг бўлажак пенсиянгиз иш берувчи сизнинг маошингиздан тўлайдиган ижтимоий ажратмалардан шаклланади.

Иш берувчи қанча тўлайди:

●       Ижтимоий солиқ: меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 12%и. Бу пуллар ижтимоий жамғармага тушади ва пенсиянгизни шакллантиради.

●       Суғурта бадаллари: 7%. Маошингиздан ушлаб қолинади ва бўлажак пенсиянгизга йўналтирилади.

●       Жамғариб бориладиган пенсия: 0,1%. Бу сизнинг шахсий пенсия ҳисобварағингиз, унда йиғилган пуллар пенсияга чиққан вақтингизда бирйўла тўлаб берилади.

Барча бадаллар фақат расмий маошдан ҳисобланади. Конвертдаги пуллар ҳеч қаерда ҳисобга олинмайди.

Пенсия қандай ҳисобланади

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга асосан, пенсия миқдори – иш стажи ва бадаллар тўланган ўртача маошга боғлиқ.

  • Базавий пенсия = ўртача маош × 55%
  • Стаж учун устама = ўртача маош × 1% × (ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили)
  • Якуний пенсия = базавий пенсия + стаж учун устама

Мисол: Сиз 30 йил ишладингиз. Бу давр мобайнидаги расмий маошингиз – 1,5 млн сўм. Реал маошингиз – 5 млн сўм.

Ҳисобингиз бўйича пенсия:

●    Базавий: 5 000 000 × 55% = 2 750 000 сўм

●    Стаж учун устама: 5 000 000 × 1% × 5 йил = 250 000 сўм (эркаклар учун минимал стаж — 25 йил, сизда 30 йил, демак +5 йил)

Кутяпсиз: ойига 3 000 000 сўм  

Аслида оласиз:

●    Базавий: 1 500 000 × 55% = 825 000 сўм

●    Устама: 1 500 000 × 1% × 5 = 75 000 сўм

Жами оласиз: ойига 900 000 сўм  

Тафовут: ҳар ой 2,1 миллион сўм – умрингиз охиригача.

Бу нимани англатади

Агар пенсияга чиққанингиздан сўнг 20 йил ҳаёт кечирсангиз, сиз йўқотасиз:

2 100 000 × 12 ой × 20 йил = 504 000 000 сўм

500 миллион сўмдан ортиқ – иш берувчи бадалларни фақат расмий маошингиздан тўлагани учун.

Якуний ҳисоб: ҳаётингиз давомида қанча йўқотасиз

30 йил давомида кулранг маошга ишлаган эркак мисолида кўриб чиқамиз (расмий 1,5 млн, ҳақиқий 5 млн):

Салкам 650 миллион сўм – 30 йил ишлагандан сўнг.

Булар фақат тўғридан тўғри молиявий йўқотишлар. Бунга кирмайди:

●    ипотека олиш имкониятидан маҳрум бўлиш;

●    визалар билан боғлиқ қийинчиликлар;

●    ижтимоий кафолатларнинг йўқлиги.

Юридик хатарлар: ким ва нима учун жавоб беради

Ким кўпроқ жавобгар

Расман, иш берувчи солиқ агенти ҳисобланади: даромад солиғини айнан у ушлаб қолиши керак (Солиқ кодексининг 23-моддаси). Аммо қонун бўйича ишчи солиқ тўловчи ҳисобланади. Агар солиқ тўланмаса, ҳар икки томон жавобгар бўлади. Хусусан, ходим қонун бузилишига рози бўлади.

Қонунчилик асослари:

●    Солиқ кодексининг 23-моддаси: зиммасига солиқларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ва бюджет тизимига ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ агентлари деб эътироф этилади.

●    Солиқ кодексининг 346-моддаси: солиқ суммаси тўлов манбаида ушлаб қолинмаган тақдирда, солиқ агенти солиқнинг ушлаб қолинмаган суммасини ва у билан боғлиқ пеня суммасини қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджетга киритиши шарт.

Агар низо юзага келса (масалан, ишдан бўшатиш нафақаси тўланмаса), сизга пул тўлашлари кераклигини исботлашингиз жуда қийин бўлади, чунки маош ҳужжатларда акс этмаган.

Агар иш берувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилса, сизни ҳам бу схемага алоқадорлик бўйича текширишлари мумкин. Назарий жиҳатдан, ходим ҳам Жиноят кодексининг 184-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин.

Иш берувчи эса, Жиноят кодексининг 184-моддаси – солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашда айбланиши мумкин. Биринчи қоидабузарлик учун БҲМнинг 150 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади. Такроран ёки кўп ва жуда миқдорларда содир этилганда, жазо оғирлашиб боради.

Одатда, раҳбарлар, бош бухгалтерлар ва бизнес эгалари жавобгарликка тортилади (Олий суд Пленумининг 2013 йил 31 майдаги 81-сонли қарори).

Агар кулранг маош олаётган бўлсангиз, нима қилишингиз керак

1. Иш берувчи билан гаплашинг

Барчасини расман ҳужжатлаштиришини сўранг. Сизга у ёки бу эҳтиёжларингиз ёки шунчаки хотиржамлик учун “оқ” маош кераклигини айтинг. Айрим компаниялар қимматли ходим билан келишиб ишлайди.

2. Агар иш берувчи рад этса – бошқа иш қидиришни бошланг

Айниқса, қуйидагиларни режалаштирган бўлсангиз:

●    хонадон ёки машина сотиб олиш;

●    фарзандли бўлиш (декрет пули);

●    пенсияга чиқиш.

3. Ўзингизни юридик тарафдан ҳимоя қилинг

Агар иш берувчи сизни кулранг маошга ишлашга мажбурласа, шикоят қилинг. Бу сизнинг бундай схемада ўз хоҳишингиз билан иштирок этмаганингизни исботлайди.

1. Солиқ қўмитасига мурожаат қилинг
Аризани my.soliq.uz сайтида шахсий кабинет орқали бериш мумкин.

2. Давлат меҳнат инспекциясига шикоят қилинг
Буни dmi.mehnat.uz орқали онлайн ёки 1176 телефон рақами ёхуд  @mehnathuquqbot  Telegram-боти орқали амалга ошириш мумкин.

3. Барча далилларни сақлаб қўйинг
Ёзишмалар, тўлов қайдномалари, иш графиги ҳақидаги маълумотларни сақлаб қўйинг. Агар иш текширувгача етиб борса, бу ҳужжатлар сизнинг бундай схемада ўз хоҳишингиз билан иштирок этмаганингизни исботлайди.

Агар янги иш қидираётган бўлсангиз:

Меҳнат шартномасини диққат билан ўқиб чиқинг. Ойлик маош тўлиқ кўрсатилган бўлиши керак. Агар шартномада бошқа сумма, суҳбат вақтида бошқа сумма айтилса – бу қизил чироқ дегани.

Бўлажак ҳамкасбларингиз билан гаплашинг. Агар имкон бўлса компаниядаги ходимлардан маош қандай тўланишини сўранг.

Компания нуфузи ҳақида маълумот олинг. Иш қидириш сайтларидаги изоҳларни ўқинг. Агар маошлар тўлови борасида кўплаб салбий фикрлар билдирилган бўлса — бу ишга кирмаслик учун етарлича сабаб.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид