Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инфографика: компания ходимларига бош директорнинг маошини топиш учун қанча “умр” керак?
Ходимлар ўртача ҳисобда компания раҳбарларига нисбатан ўнлаб, ҳатто юзлаб марта кам маош олади. Бироқ янги инфографика муаллифлари компания ходимларига бош директорнинг йиллик даромадини топиш учун қанча “умр” керак бўлишини аниқлашга қарор қилди.
Фото: iStock
Инфографика муаллифи “умр” атамасини компания ходимининг ўртача иш ҳақи асосидаги 40 йиллик меҳнат фаолиятини англатиш учун қўллаган. Бу мавҳум маош нисбатларини янада аниқроқ ва тушунарлироқ кўрсатишга ёрдам беради. Маълумотлар SEC EDGAR — компаниялар молиявий ва ҳуқуқий ахборотни ошкор қиладиган оммавий электрон базадан олинган.
Энг катта тафовут Mattel компаниясида кузатилган. Компания ходимининг ўртача йиллик маоши тахминан 9,4 минг доллар, бош директорнинг йиллик даромади эса қарийб 37,8 миллион долларни ташкил қилади. Уларнинг ўртасидаги нисбат жуда катта — 4028:1. Бу эса Mattel ходимига бош директорнинг бир йиллик даромадини топиш учун ўртача 101 “умр” керак бўлишини англатади.
Иккинчи ўринни MercadoLibre эгаллади. Бу ерда ходимга бош директор даромадига етиш учун 40 “умр” керак бўлади. Ўртача ходим бир йилда тахминан 8,7 минг доллар, бош директор эса қарийб 13,7 миллион доллар ишлаб топади.
Топ-3 қаторидан FirstCash ҳам ўрин олган. Бу компанияда ходимга бош директорнинг йиллик даромадига етиш учун 26 “умр” керак. Шунингдек, McDonald’s ходимлари ўртасида ҳам катта тафовут кузатилган — уларга компания раҳбарининг бир йиллик маошини топиш учун 25 умр керак бўлади.
Рўйхатдаги ходимлар орасида энг юқори йиллик маошлардан бири Apple компаниясида қайд этилган — 114,7 минг доллар. Бироқ ҳатто бу ҳолатда ҳам нисбат 650:1 бўлиб, бу 16 “умр”га тенг.